logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Туркияга ўқув сафари: табиий офатдан суғурталаш билан боғлиқ молиявий рисклар бўйича билим алмашинуви

08.10.2024
995

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Стратегик ислоҳотлар агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикасининг тегишли вазирлик ва идоралари делегацияси минтақавий билим алмашинуви ташрифида иштирок этмоқда. Тадбир Жаҳон банки томонидан Туркия суғурта ва шахсий нафақаларни тартибга солиш ва назорат қилиш агентлиги (SEDDK) ва Туркия табиий офатлардан суғурталаш пули (TCIP) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўқув сафарининг мақсади Ўзбекистонда табиий офатлар хавфини молиялаштириш ва фалокатдан суғурталаш (“DRFI”) стратегиясини ишлаб чиқишга услубий ёрдам бериш ва рағбатлантиришдан иборат.

Ташриф давомида делегация Туркиядаги илғор тажрибалар, жумладан, риск моделларидан фойдаланиш ва уларнинг таъсири, ахборот тизимлари, техник оператор танлаш мезонлари, TCIP учун кафолатни таъминлашда ҳукумат ва хусусий секторнинг роли билан танишиш имкониятига эга бўлди. Бу жиҳатлар Ўзбекистонда самарали суғурта ва рискларни бошқариш тизимини шакллантиришнинг асосий омили ҳисобланади.

Ўзбекистон делегациясининг минтақавий ташрифда иштирок этиши табиий офатлар оқибатларини минималлаштиришга қаратилган янада самарали молиявий воситалар ва стратегияларни ишлаб чиқишга хизмат қилади, шунингдек, табиий офатлар билан боғлиқ молиявий рискларни бошқаришда тажрибага эга халқаро экспертлар ва Туркия регулятори билан тажриба алмашиш имконини беради.

Ўзбекистонлик ва туркиялик мутахассисларнинг минтақавий билим алмашинуви Ўзбекистонда табиий офатлардан барқарор ва самарали суғурта тизимини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, бу ўз навбатида аҳолини табиий офатларнинг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш ва хавфсизлик даражасини оширишга ёрдам беради.