Янгиликлар
Туркия Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти делегацияси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (Агентлик) Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш департаменти директори – Қишлоқ хўжалиги суғуртаси бошқармаси (TARSIM) директорлар кенгаши раиси Усмон Йилдиз бошчилигидаги Туркия делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон-Туркия муносабатларининг ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, Туркиянинг TARSIM қишлоқ хўжалиги суғуртаси моделини жорий этиш, икки томонлама меъёрий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари, шунингдек, Агентлик делегациясининг жорий йилнинг октябрь ойида режалаштирилган Жаҳон банки ўқув дастури доирасидаги ташрифи муҳокама қилинди.
Агентлик вакиллари меҳмонларга Ўзбекистонда суғурта хизматлари бозорини, жумладан, қишлоқ хўжалиги суғуртасини янада ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солишни такомиллаштириш бўйича кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Туркия томони Туркий давлатлар ташкилоти доирасида тартибга солувчи органлар ўртасида амалий ҳамкорлик платформасини яратиш ва Ўзбекистонда “TARSIM” турк қишлоқ хўжалиги суғуртаси моделини жорий этиш бўйича ишчи гуруҳ фаолиятига Агентлик ходимларини жалб қилиш бўйича таклифларини билдирди.