Янгиликлар

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 мартдаги “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида” ги ПҚ–108-сон қарори билан Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим тасдиқланди.
Битим жорий йилнинг 6 ноябрь куни Бишкек шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти аъзо-давлатлари раҳбарлари кенгаши доирасида имзоланган.
Ҳужжатдан кўзланган асосий мақсад аъзо-давлатлар ўртасида савдо алоқаларини электрон тижорат орқали янада ривожлантириш, Ўзбекистон ва бошқа иштирокчи давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни, уларнинг иқтисодий устуворликлари ва замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда чуқурлаштиришдан иборат.
Битим доирасида электрон тижорат соҳасида ҳамкорликни ўрнатиш, жумладан, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, электрон тўловлар ва электрон ҳисоб-фактураларни тақдим этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек турли илғор технологиялар ва механизмлар орқали ўзаро савдо ҳажмларини ошириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланган.