Янгиликлар
“Тошкент” РФБ ва Абу-Даби фонд биржаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган ConFEAS-2024 конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ва “Тошкент” Республика фонд биржаси бошқаруви раиси Георгий Паресишвилининг Абу-Даби фонд биржаси (ADX) Бош директори Абдулла Салем Алнуаими билан икки мамлакат фонд биржалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мизиёевнинг 2023 йил декабрь ойида БАА га қилган ташрифи чоғида Абу-Даби фонд биржаси ҳамда “Тошкент” Республика фонд биржаси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақидаги топшириғи ижроси юзасидан бўлиб ўтди.
Томонлар ўзаро ҳамкорлик ҳақида меморандумни имзолаб, аъзо-биржалар учун минтақавий ва глобал миқёсда савдо қилиш платформасини тақдим этувчи Tabadul биржа савдоси маркази имкониятларини муҳокама қилдилар. Умуман олганда, Tabadul Яқин Шарқ ва Марказий Осиёдаги минтақавий биржаларни интеграциялаш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иштирокчи биржалар бозорларида ликвидликни ошириш, томонлар брокерларини ва трансчегаравий савдони амалга оширишни мақсад қилган.
Бугунги кунда Баҳрайн фонд биржаси ва Маскат қимматли қоғозлар бозори (Уммон) Tabadul аъзолари қаторидан жой олган.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирдилар.