Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Капитал бозори соҳасида "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида хорижий валютада облигацияларни чиқариш, жойлаштириш, муомалага чиқариш ва сўндириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги "Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-254-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра маҳаллий эмитентларга капитал бозори соҳасидаги “Тартибга солиш қумдони” (кейинги ўринларда - Тартибга солиш қумдони) махсус ҳуқуқий режими доирасида хорижий валютада ифодаланган корпоратив облигацияларни (кейинги ўринларда - валюта облигациялари) чиқариш ҳуқуқи берилган.
Низом валюта облигациялари чиқарилуви, муомаласи ва уларни сўндириш тартибини, шу жумладан қуйидагиларни белгилайди:
фақат капитал бозори соҳасида Тартибга солиш қумдони иштирокчилари мақомига эга бўлган эмитентлар, инвестиция воситачилари (шу жумладан андеррайтерлар) ва банк-агентлар учун валюта облигацияларини чиқариш ва муомалага киритишга рухсат бериш;
депозитарий, фонд биржаси ва банк-агентнинг валюта облигацияларини жойлаштириш, муомалага киритиш ва сўндириш жараёнида иштирок этиш масаласи;
эмитентларнинг молиявий ҳолатига қўйиладиган талаблар, шу жумладан молиявий ковенантлар тизими;
валюта облигацияларини чиқариш учун махсус мақсадли компаниялардан (SPV) фойдаланиш имкониятини яратиш;
валюта облигациялари чиқарилишини таъминлаш усулларини тартибга солиш.
Инвесторларни ҳимоя қилиш ва хатарларни бошқаришни таъминлаш мақсадида Низом инвесторлар учун шаффофлик ва башорат қилишнинг асосий кафолатларини шакллантиради, жумладан:
эмиссия рисоласининг мажбурий мавжудлиги (бунда эмитентнинг чиқариш тўғрисидаги қарорини Агентлик томонидан тасдиқлаш талаб этилмайди);
эмитентнинг валюта облигацияларининг барча эгалари олдидаги мажбуриятларини бажаришнинг ягона шартлари;
валюта облигацияларини чиқариш шартлари бузилганда Агентлик ва валюта облигациялари эгаларининг тезкор ҳаракат қилиш механизмлари, шу жумладан назарда тутилган ҳолларда мажбуриятларни муддатидан олдин ҳал этиш имконияти;
эмитентнинг молиявий ҳолати ва жалб этилган маблағлардан фойдаланилиши тўғрисидаги ахборотни мунтазам равишда очиб беришга доир талаблар.
Низом доирасидаги валюта режими валюта облигациялари инвесторларда мавжуд бўлган хорижий валютани, жумладан молия тизимидан ташқарида бўлган маблағларни жалб этишни рағбатлантиришга йўналтирилган бўлиб, конвертацияга қўшимча юклама юзага келтирмаслигини инобатга олган ҳолда шакллантирилган.
Низомнинг қабул қилиниши хўжалик юритувчи субъектларнинг валюта маблағларини жалб қилишда янги кредит бўлмаган инструментлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, бу ҳам миллий фонд бозорига ликвидликни жалб қилишнинг қўшимча имкониятини яратади.
Идоравий мансуб ташкилотлар