logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тасдиқланди

20.01.2025
451

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-108-сон қарорига асосан ишлаб чиқилган Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 25 декабрдаги 16-сонли буйруғи билан тасдиқланган бўлиб, 2025 йил 20 январда Адлия вазирлиги томонидан 3601-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Суғурталовчиларнинг рейтингини жорий этишдан кўзланган асосий мақсад - суғурта ташкилотларининг суғурта хизматларини кўрсатиш сифати, молиявий ҳолати барқарорлиги, қонунчилик ҳужжатларига риоя қилган ҳолда фаолият юритиши, суғурта товонларини ўз вақтида тўлаб бериши ва қаноатлантириш ҳолати тўғрисида холис ва шаффоф маълумотларни суғурта хизматларининг истеъмолчиларига тақдим этиш ва бу орқали суғурта ташкилотларининг рақобатбардошлигини оширишдир.

Мазкур Низомга асосан суғурталовчиларнинг рейтинги 8 та умумий кўрсаткичлар, 5 та қўшимча балл берувчи ҳамда 6 та балларни камайтирувчи кўрсаткичлар асосида баҳоланади.

Суғурталовчиларнинг рейтингини баҳоловчи кўрсаткичлар сифатида, жумладан:

умумий суғурта даъволари сонига нисбатан ўз вақтида кўриб чиқилган  ва ўз вақтида тўланган суғурта даъволари сони, шунингдек, қаноатлантирилган суғурта даъволарининг нисбати;

суғурталовчининг тўловга қобилиятлилик маржасининг етарлилик нормативи, инвестиция фаолияти натижадорлиги, cуғурта захираларининг қонунчиликка асосан шакллантирилганлиги;

суғурталовчининг қонунчилик ҳужжатларини бузиши оқибатида унга нисбатан айрим чораларнинг қўлланилганлиги;

суғурта ташкилотининг халқаро рейтинг кўрсаткичларига эгалиги, қўшимча суғурта хизматларининг ва айрим суғурта маҳсулотларининг жорий этилганлиги каби ва бошқа мезонлар белгиланган.

Рейтинг Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида юритилади ва унинг расмий веб-сайтида ҳар ойнинг10 санасида эълон қилиб борилади.

Натижада, суғурта хизматлари истеъмолчилари доимий равишда суғурта ташкилотларининг рейтинг кўрсаткичларига асосланиб, суғурта ташкилотлари хизматларини танлашлари мумкин.

Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.