logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

"Суғурта соҳасини жадал рақамлаштиришда амалга оширилаётган ишлар" мавзусида брифинг

14.03.2024
2057

Ўзбекистон Республикасида миллий суғурта бозорини ривожлантириш ва аҳолига қулайликлар яратиш мақсадида соҳага рақамли технологияларни жорий этиш бўйича чоралар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

2023 йилдан бошлаб Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали суғурта полисларини сотиб олиш ва суғурта ҳодисалари бўйича даъволарни тақдим этиш хизмати тўлиқ йўлга қўйилди.

Суғурта полисларини рўйхатга олувчи ва уларнинг айланмасини назорат қилувчи Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими яратилган бўлиб, ушбу тизимга республикамизда фаолият юритаётган барча суғурта компаниялари уланган. Бугунги кунда тизим орқали мажбурий суғурта турлари бўйича жами 4,8 млндан ортиқ электрон суғурта полислари тузилган.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ЙТҲда жавобгар шахс суғурталанганлиги ва транспорт воситасига етказилган зарарни қоплаш мақсадида суғурта товонини олиш учун қандай ҳаракатларни амалга ошириш кераклигини билиб олиш имкони яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги 108-сонли қарорида суғурта бозорини янада ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали суғурта хизматларининг оммабоплигини ва сифатини ошириш, шунингдек, соҳани тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида қатор вазифалар белгиланган.

Соҳани тартибга солишни янада такомиллаштириш мақсадида 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномаларини ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини ушбу тизим орқали расмийлаштириш мажбурий ҳисобланади.

Барча суғурта турлари бўйича суғурта полисларини фақат қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиёти бекор қилиниб, суғурта полисларининг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали расмийлаштирмаслик уларни ҳақиқий эмас деб топишга асос бўлади ҳамда суғурталовчининг лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, айрим мажбурий суғурта турлари қамрови паст бўлганлиги сабабли Cолиқ қўмитаси, Транспорт вазирлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахборот тизимлари ҳамда Агентликнинг Ягона ахборот тизимининг интеграцияси юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Суғурта ташкилотлари фаолиятида енгилликлар яратиш мақсадида Агентлик 2025 йил 1 январдан бошлаб суғурталовчиларнинг ҳисоботларини соддалаштириш, автоматлаштириш ва Ягона ахборот тизимида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш чораларини кўради.

Суғурта хизматлари истеъмолчиларига қулайлик яратиш мақсадида йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги хабарларни онлайн юбориш ва кўриб чиқиш учун “Sug‘urta servis” мобил иловаси ишга туширилди.

Транспорт воситалари эгалари ички ишлар ходимлари иштирокисиз воқеа жойидан фотосуратлар ва зарур ҳужжатларнинг электрон нусхаларини юбориш орқали автоҳалокат тўғрисидаги хабарномани онлайн жўнатишлари ҳамда етказилган зарар учун компенсация олишлари мумкин. Бу имконият йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари томонидан хабарномаларни ва суғурта даъволарини расмийлаштириш ҳамда кўриб чиқиш тартибини сезиларли даражада соддалаштиради. Илова қулай интерфейс ва оддий навигацияга эга. “Sug‘urta servis” мобил иловасини App Store ва Google Play платформаларида юклаб олишингиз мумкин. (“Sug‘urta Servis” мобиль иловасида билдиришнома яратиш ҳақида видео кўрсатма.)

Суғурта соҳасини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши суғурта хизматлари сифатини яхшилашда, ошкораликни таъминлашда ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ижтимоий ва иқтисодий қўллаб-қувватлашда самарали восита бўлиб хизмат қилади.