Янгиликлар
Суғурта бозорини ўрганишга бағишланган медиа-тренинг
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Суғурта бозори, суғуртанинг шакллари ва турлари” мавзусида медиа-тренинг ўтказилди.
Тренингда Суғурта бозори иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Улуғбек Хасанов маъруза қилди.
Тренингдан кўзланган асосий мақсад суғуртанинг асосий тушунчалари, шакллари ва турларини ҳамда Агентлик томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни тушунтиришдан иборат бўлди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари медиа-тренинг давомида жамиятда суғурта муносабатлари шаклланишининг объектив асослари, суғуртанинг мавжуд бўлишидаги шарт-шароитлар, суғурта бозорининг тузилиши, умуман, суғурта муносабатлари иштирокчиларининг вазифалари билан яқиндан танишдилар.
Шу билан бирга, матбуот вакилларига Ўзбекистон суғурта бозорининг асосий кўрсаткичлари ва профессионал иштирокчилари ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, суғурта соҳасидаги янги қабул қилинган қонунчилик нормалари юзасидан ҳам тушунтиришлар берилди. Хусусан:
– Суғурталовчилар рейтингини аниқлаш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низом – асосий мақсади истеъмолчиларга суғурта ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган суғурта хизматлари сифати тўғрисида холис ва шаффоф ахборотни тақдим этилиши ҳисобланади;
– Суғурталовчиларга нисбатан жарима санкцияларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом – унга кўра, суғурта қилдирувчиларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта товонларини ўз вақтида тўланишини таъминламаганлик учун қўшимча турдаги санкциялар жорий этилган;
– Суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом – унга мувофиқ, барча суғурта полислари электрон шаклда расмийлаштиради ва суғурта тўловларига оид аризаларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши мониторингини юритиш мақсадида барча суғурта даъволари Ягона тизимда рўйхатдан ўтказилади.
Медиа-тренингда журналистлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.