Янгиликлар
Суғурта бозори иштирокчилари билан учрашув
Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги раҳбарияти ва суғурта бозори иштирокчилари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги «Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-291-сон қарорига мувофиқ, суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга ошириш бўйича вазифалар Агентликка ўтказилиб, Агентлик ушбу соҳада тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.
Мазкур вазифа ва функцияларни амалга ошириш учун агентлик томонидан Суғурта бозорини ривожлантириш департаменти ташкил этилди, унинг вазифаларига сугурта бозори соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, Ўзбекистон фуқаролари ва суғурта бозори иштирокчилари ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳани ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш киради.
Йиғилишда суғурта бозорида мавжуд муаммолар ва яқин истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида аҳолининг суғурта хизматларига бўлган ишончи пастлиги, суғурта тўловлари ўрнатилган муддатларда тўланмаганлиги сабабли фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар сонининг кўпайиши, мижозлар билан низоларни ўзаро ҳал этиш тизимларининг йўқлиги ва уларнинг сабабларини бартараф этиш, суғурта ташкилотлари капиталлашувининг паст даражаси каби муаммолар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, аҳолининг суғурта саводхонлигини ошириш, мажбурий суғурта тизимини тартибга солиш, ихтиёрий суғуртани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, суғурта фаолиятини давлат томонидан тартибга солишнинг муносиб тизимини шакллантириш, суғурта бозори инфратузилмаси самарадорлигини ошириш ва қайта суғурталаш механизмини ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.