Menu
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

ИЛМА Ўзбекистоннинг капитал бозорини ривожлантириш ва минтақавий интеграция бўйича ёндашувларини тақдим этди

10.09.2026
55

Astana Finance Days 2026 доирасида Молиявий хизматларни тартибга солиш бўйича АХММ қўмитаси (AFSA) томонидан ташкил этилган "Фрагментациядан интеграцияга: молия бозорларини мустаҳкамлаш учун минтақавий ҳамкорлик" мавзусида юқори даражадаги давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.

Тадбирда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Грузиянинг молиявий регуляторлари ҳамда бозор иштирокчилари, шунингдек, халқаро молиявий ташкилотлар ва тараққиёт институтлари вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) номидан Суғурта бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Ҳасанов Улуғбек Фарҳод ўғли қатнашмоқда.

Ўз маърузасида у Ўзбекистон капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий натижалари, амалга оширилаётган тартибга солиш ислоҳотлари ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини тақдим этди.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра Ўзбекистон капитал бозорининг умумий капиталлашуви 35,7 млрд долларга етди ва бир йилда 76,3% га ошди. Қимматли қоғозлар чиқарилиши ҳажми 23,1 млрд долларни ташкил этган бўлса, корпоратив облигациялар чиқарилиши 129,3% га ошиб, 587 млн долларга етди. Корпоратив облигацияларга эгалик қилувчи чакана инвесторлар сони эса 131,5% га кўпайди.

Ички ва халқаро бозорларни интеграциялашнинг муҳим мисолларидан бири UzNIF Миллий инвестиция фондининг Лондон ва Тошкент биржаларидан иккиламчи листинги бўлди. Жойлаштириш натижасида 603,6 млн доллар жалб этилди, инвесторлар томонидан билдирилган талаб ҳажми эса 2,8 млрд долларни ташкил қилди.

Маърузада тартибга солиш муҳитини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, "Тартибга солиш қумдони" механизми янги молиявий инструментлар ва бизнес моделларини бозорда кенг жорий этишдан олдин синовдан ўтказиш имконини беради. 2026 йилнинг биринчи ярмида капитал бозори соҳасидаги "Тартибга солиш қумдони"га олтита янги иштирокчи қўшилди, пилот лойиҳалар натижалари эса 14 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда инобатга олинди.

Яна бир муҳим йўналиш – инвесторларни ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш. Ахборотларни ошкор қилишни мониторинг қилиш тизими ишга туширилганидан сўнг, 2026 йил биринчи ярмида дивидендлар бўйича 1,6 млн доллар ундирилди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 175 минг долларни ташкил этган. Шу билан бирга, регуляторга келиб тушган мурожаатлар сони 36,9% га камайди.

Бозорни янада ривожлантириш контекстида Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш масаласи ҳам қайд этилди. Марказни 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган. Англия умумий ҳуқуқ юрисдикцияси, халқаро тижорат суди ва кўп валютали савдони ўз ичига олган мазкур механизмлар халқаро капитални жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

У. Ҳасанов молия бозорларининг минтақавий интеграцияси масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Унинг таъкидлашича, Тошкент фонд биржасининг KASE, Astana International Exchange ва AIFC Green Finance Centre билан ҳамкорлиги, шунингдек, халқаро депозитарийлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бозорларга трансчегаравий кириш имкониятларини кенгайтириш учун асос яратади.

"Умумий инфратузилма, cross-listing ва трансчегаравий инвестиция механизмлари бозорларнинг ўзаро боғлиқлиги ва ликвидлигини ошириш, шунингдек, глобал капитални жалб қилиш учун қўшимча имкониятлар яратиши мумкин", – деди у.

Давра суҳбати иштирокчилари, шунингдек, капиталнинг трансчегаравий ҳаракатидаги тўсиқлар, тартибга солиш ёндашувларини ўзаро тан олиш, ахборот алмашинуви ҳамда назорат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилмоқдалар.

Учрашув якунлари бўйича Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда молия бозорларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва трансчегаравий инвестиция имкониятларини ривожлантиришга қаратилган регуляторлик ҳамкорлигининг кейинги амалий йўналишлари белгилаб олинади.