Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Жорий йилнинг 14-15 июль кунлари “Kun.uz” ахборот ресурси расмий сайтида “Навбатдаги чўпчак: Ўзбекистонда криптовалюта “қазиб олувчи” ускуна ижарасидан даромад олиш таклиф этилмоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Ушбу мақолада ватандошларимизга крипто-активлар майнингини амалга ошириш учун “майнинг қурилмасига” сармоя киритишни таклиф қилиб, маълум вақт ичида юқори даромадлар билан осон ва арзон пул ишлаш йўлини ваъда қилувчи бир лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берилган.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон Фармонида “майнинг” фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Майнинг билан шуғулланувчи шахслар (майнерлар) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишлари шарт.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан мақолада келтириб ўтилган лойиҳа ташкилотчиларига майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсат этиш хусусиятига эга ҳеч қандай ҳужжат (рухсатнома) берилмаган.
Таҳлил давомида Агентлик томонидан фирибгарлик белгилари ва крипто-активлар айланмаси соҳасида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган ва шу боис таҳлил натижалари бўйича маълумотлар қонуний чора кўриш учун Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.
Агентлик фуқароларни огоҳ бўлишга ва крипто-активларга оид фирибгарлик схемалари, “молиявий пирамидалар” ва турли “фирибгарлик лойиҳалари”дан эҳтиёт бўлишга, крипто-активлар билан операцияларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фақат миллий хизмат кўрсатувчи провайдерлар орқали амалга оширишга чақиради.
Миллий хизматлар провайдерларининг электрон реестрига ҳавола: https://napp.uz/uz/pages/erlsp
Идоравий мансуб ташкилотлар