logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Капитал бозори соҳасида шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш тўғрисидаги низом тасдиқланди

14.06.2024
2251

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан мунтазам равишда капитал бозорини ривожлантириш, аҳолинининг молиявий савотҳонлигини ошириш, шунингдек, инвесторларни жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқларини ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича шароитларни яратиш устида ишлар олиб борилмоқда.

Шундай қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ–291-сон қарорини ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларнинг ҳисобини юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди ва 2024 йил 13 июнда қабул қилинди.

Қарорнинг асосий мақсади маҳаллий фонд бозорида муомалага чиқарилган ва уюшган қимматли қоғозлар бозорида савдо қилинадиган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун шахсий инвестиция ҳисобварағини очишни тартибга солиш.

Шахсий инвестиция ҳисобварағининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар иш ҳақининг ва бошқа даромадларининг маҳаллий фонд бозорида эмиссия қилинган қимматли қоғозларни сотиб олиш учун ушбу ҳисобвараққа йўналтириладиган қисми жисмоний шаҳсларнинг даромад солиғидан солинмайди.

Бунда солиқдан озод бўлиш учун иккита шарт бажарилиши лозим:

1) инвестор (солиқ тўловчи)нинг ҳисобвараққа солиқ даври давомида йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари миқдори жами меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг юз бараваридан ошмаслиги;

2) ушбу даромадлар ўн икки ой ичида ҳисобварақдан қайтариб олинмаслиги.

Шаҳсий инвестиция ҳисобварағи бир йил муддатга тузилган шартнома асосида инвестиция воситачиси томонидан очилади ва ундаги маблағлар ҳисоби юритилади.

Шаҳсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва ундаги маблағларни ҳисобини юритиш механизмлари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

мижоз шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш учун инвестиция воситачисига  жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини (ЖШШИР) кўрсатган ҳолда ариза ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади;

инвестиция воситачиси шахсий инвестиция ҳисобварағини очиш ва юритиш бўйича мижоз билан бир йил муддатга шартнома тузади ҳамда унга шахсий инвестиция ҳисобварағини очади;

мижоз иш ҳақи ва бошқа даромадларининг бир қисми ҳисобидан шахсий инвестиция ҳисобварағига бадаллар ўтказиб боради;

инвестиция воситачиси шахсий инвестиция ҳисобварағини юритилишини ҳамда тегишли операциялар амалга оширилишини таъминлайди;

инвестиция воситачиси шахсий инвестиция ҳисобварағига инвестициядан олинган даромадлар бўйича солиқни ҳисоблаб чиқади ва солиқ органларига юборади ҳамда мижозга соф даромадни ўтказиб беради;

инвестиция воситачиси мижознинг шахсий инвестиция ҳисобварағини ёпиш тўғрисидаги аризасига мувофиқ унинг шахсий инвестиция ҳисобварағини ёпади.

Қарорни ишлаб чиқишда етакчи хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилди, жумладан (Буюк Британия (ISA – individual savings account), Германия (Rürup-Rente), АҚШ (IRA – individual retirement account), Япония (NISA – Nippon individual savings account) ва Россия (ИИС – индивидуальный инвестиционный счет)).

Мазкур қарор билан жорий этиладиган шахсий инвестиция ҳисобварағи воситаси мамлакат капитал бозорини ривожлантиришга қаратилган, жумладан капитал бозорида қўшимча инвестиция ресурслари шакллантирилади, қимматли қоғозлар эмитентлари ушбу ресурсларини ўзларининг лойиҳаларини молиялаштириш учун жалб этади ва жисмоний шахс-инвесторлар эса қўшимча даромад кўриш имконини беради.