Янгиликлар
Хитойда семинар
Пекинда бўлиб ўтаётган “Яшил иқтисодиёт ва янги энергетика” мавзусидаги семинарда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари иштирок этмоқда.
ХХР Савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро тижорат мансабдор шахслар учун Академия томонидан ташкил этилган семинарда, шунингдек, Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги, Энергетика вазирликлари ҳамда бир қатор лойиҳа ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Семинарда “яшил” энергия тамойиллари асосида арзон энергия ресурсларини излаш ва ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, Хитойнинг яшил ва барқарор шаҳарлар қуриш, яшил қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, янги энергетика соҳасида катта маълумотлардан фойдаланиш тажрибаси кўриб чиқилди.
Тегишли объектларга ташриф буюрган иштирокчилар Хитойда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича энг сўнгги технологиялар, янги энергия технологиялари соҳасидаги ютуқлар билан танишмоқда.
Тадбир яшил иқтисодиёт ва янги энергетикани ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Хитой Халқ Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида ўзига хос алмашинув платформасини яратиш мақсадида ташкил этилди.