logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

“Ўзбекистонда ипотека қимматли қоғозларини жорий этиш: ҳуқуқий асослар” мавзусидаги давра суҳбати

24.10.2024
1085

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида (Агентлик) Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Moody's Rating рейтинг агентлиги билан биргаликда ташкил этилган “Ўзбекистонда ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларни жорий этиш: қонунчилик базаси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Марказий банк, “Тошкент” РФБ, “Марказий депозитарий” АЖ, банклар, йирик эмитентлар вакиллари, шунингдек, капитал бозори соҳаси мутахассислари иштирок этди. Кенг доирадаги соҳа вакилларининг иштироки янги молиявий воситаларни жорий этишнинг асосий жиҳатларини кўп томонлама муҳокама қилиш имконини берди.

“Бугунги тадбир энг долзарб муаммолардан бири – Ўзбекистонда ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларни жорий этиш масаласига бағишланган. Аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласи устувор вазифага айланиб бормоқда ва бунда ипотека кредитларини молиялаштиришнинг янги механизмларини жорий этиш ҳамда ўз вазифаларини самарали амалга ошириш мақсадида тижорат банклари ва бутун молия тизими учун ресурсларни шакллантириш муҳим ўрин тутади.

Барчангизга маълумки, Агентлик томонидан “Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳанинг бобларидан бири эса секьюритизация ва ипотека облигацияларини жорий этишга бағишланган. Бундан ташқари, Агентлик Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони лойиҳасини тайёрламоқда. Ўзбекистон Республикасида ипотека облигацияларини жорий этиш бўйича устувор қадамларни белгилаши лозим”, — деди агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак.

Давра суҳбатининг асосий мақсади ипотека кредити билан таъминланган турар-жой қимматли қоғозлари (RMBS)нинг асосий жиҳатларини муҳокама қилиш, шунингдек, “Капитал бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини таҳлил қилишдан иборат. Иштирокчилар таъминланган облигациялар ва ипотека билан таъминланган қимматли қоғозларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш нафақат молия соҳасини ривожлантириш, балки фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилашга хизмат қилаётганини таъкидладилар.

Муҳокама давомида экспертлар рейтинг агентлигининг қопланган облигациялар ва ипотека билан таъминланган қимматли қоғозлар билан боғлиқ рискларни баҳолаш методологиясини тақдим этди. Шунингдек, инвесторлар учун ишончлилиги ва жозибадорлигини таъминлайдиган ушбу молиявий воситаларни таҳлил қилиш бўйича ёндашувлар ҳам кўриб чиқилди.

Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистонда ипотека қимматли қоғозларининг жорий этилиши уй-жой қурилишини молиялаштиришда янги имкониятлар яратиши ҳамда мамлакатимизнинг халқаро молия бозорларига интеграциялашуви йўлидаги муҳим қадам бўлишини алоҳида таъкидлади. Амалдаги қонунчиликка таклиф этилаётган ўзгартиришларни муҳокама қилиш мавжуд бўшлиқларни бартараф қилади ва бозорни янги воситаларни жорий этишга тайёрлайди.

Давра суҳбати Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, шунингдек, ипотека қимматли қоғозларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий-меъёрий муҳитни такомиллаштиришга қаратилган келгусидаги чора-тадбирлар бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш билан якунланди.