Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 3941, 17.09.2026 й.) тасдиқланди.
Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2025 йил 18 декабрдаги ПФ–254-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, қимматли қоғозлар эмитентларининг рейтингини юритиш тартибини белгилайди.
Низомга мувофиқ:
– мазкур рейтинг эмитентлар томонидан маълумотларнинг ўз вақтида, ишончли ва тўлиқ ошкор этилиши, шунингдек, қимматли қоғозлар бозори, акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини баҳолаш натижалари асосида шакллантирилади;
– эмитентлар рейтинги 7 та мезон бўйича берилган баллар йиғиндисига кўра аниқланади;
– эмитентга «А», «В», «C» ёки «D» тоифаларидан бири берилади ҳамда тоифага кўра таъсир чоралари қўлланилиши мумкин;
– рейтинг ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритилади ва Корпоратив ахборотнинг ягона порталида очиқ тарзда ҳар чоракда акс эттирилади;
Эмитентлар рейтинги қимматли қоғозлар эмитентларининг шаффофлик ва қонунчиликка риоя этиш даражасини баҳолаш, инвесторлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда капитал бозорида ахборот ошкоралигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.