Янгиликлар
Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
2024 йил 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) фаолиятининг устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, директор ўринбосари Даврон Максудов, Крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аскаржон Закиров, Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саибжан Худайбердиев, Суғурта бозорини ривожлантириш департаменти бошлиғи Орифжон Файзиев, Электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Камронбек Мухаммадиев иштирок этдилар.
Иштирокчилар Агентлик томонидан 2024 йилнинг ўтган даври мобайнида крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат соҳаларини ривожлантириш ва тартибга солиш бўйича олиб борилаётган ишлар ва эришилган натижалар ҳақида сўзлаб бердилар.
Хусусан, крипто-активлар айланмаси соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, институционал ривожланиш, халқаро ҳамкорлик бўйича маълумотлар берилди. Шунингдек, Ўзбекистон суғурта бозорининг асосий кўрсаткичлари, суғурта хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суғурта ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш борасидаги ишларга тўхталиб ўтилди. Капитал бозори соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш, уни институционал ривожлантириш, Openinfo.uz ягона корпоратив ахборот портали функцияларини модернизация қилишга оид маълумотлар, “Тошкент” Республика фонд биржасини такомиллаштириш ва йирик кастодиан-банклар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ахборот тақдим этилди.
Белгиланган вазифаларга мувофиқ, Агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта фаолияти, электрон тижорат, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ташкил этиш соҳаларини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бозор иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, инновацион технологияларни жорий этиш ва ривожлантириш, шунингдек, ушбу соҳаларга инвестицияларни жалб қилиш механизмларини таъминлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали давом этмоқда.
2024 йилнинг ўтган даври мобайнида Агентлик томонидан амалга оширилган ишларга бағишланган тақдимот билан қўйидаги файлни юклаб олиш орқали танишиш мумкин.