logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик вакиллари Тбилисида “Pioneering Progress” саммитида иштирок этдилар

11.05.2024
1592

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) вакиллари 2024 йил 10-11 май кунлари рақамли молия, тартибга солиш динамикаси, сунъий интеллект ва телекоммуникация технологиялари барқарорлиги масалаларига бағишланган “Pioneering Progress” (Тбилиси, Грузия) саммитида иштирок этдилар.

Саммитда Швейцария, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон ва бошқа давлат идоралари ва хусусий сектор вакиллари қатнашди.

Хусусан, Грузиянинг Иқтисодиёт ва барқарор ривожланиши вазири ўринбосари Г. Арвеладзе ва Грузия Миллий банки раиси вазифасини бажарувчи Н. Турнава, “Tether” компаниясининг бош ижрочи директори Паоло Ардонио, шунингдек, йирик крипто-компаниялар вакиллари сўзга чиқди.

Панель муҳокамаларида барқарор токенлар, сунъий интеллект, телекоммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек крипто-активлар бозорини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, саммит иштирокчиларида Агентлик делегацияси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмасини тартибга солиш тажрибаси алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон тажрибаси саммитнинг барча иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди, халқаро экспертлар эса МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон крипто-саноатини ривожлантириш бўйича кўп жиҳатдан етакчи эканлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасида қонунчилик базаси шакллантирилиб, банклар ва крипто-компаниялар ўртасида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, бу эса, ўз навбатида крипто-саноатини ривожлантириш учун катта салоҳият яратиши таъкидлаб ўтилди.

Маълумот учун: 2024 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Tether компанияси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, томонлар Ўзбекистонда блокчейн технологиясини, барқарор токенларни ва активларни токенизация қилишни ривожлантириш, шунингдек, мамлакатда иқтисодий ўсиш ва инновацияларни рағбатлантиришда ҳамкорлик олиб боради.