Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида Ислом тараққиёт банки ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги вакиллиги билан Ўзбекистондаги исломий молиялаштиришни ривожлантириш масалалари бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Ислом тараққиёт банки делегациясини исломий молиялаштириш бўйича маслаҳатлар бўлимининг глобал раҳбари Яҳё Раҳмон бошчилик қилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан учрашувда лойиҳа раҳбари Файзулла Салоҳиддинов иштирок этди.
Учрашув давомида томонлар “Капитал бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда исломий молиялаштиришни ривожлантириш соҳасидаги келгуси ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, сукук ва такафулни жорий этиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун Ислом тараққиёт банкининг техник кўмагини жалб этиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ўзаро манфаатдор эканликларини тасдиқладилар ва Ўзбекистондаги исломий молиялаштириш бозорини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканликларини билдирдилар.