Янгиликлар
“Ўзбекистонда Ислом молияси воситаларини жорий этиш: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида давра суҳбати
Тошкентда Ислом тараққиёт банки, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва БМТ тараққиёт дастури томонидан ташкил этилган “Ўзбекистонда Ислом молияси воситаларини жорий этиш: имкониятлар ва муаммолар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Давра суҳбатидан кўзланган мақсад – “Капитал бозори тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини тақдим этиш, амалдаги қонунчиликка ислом молиясини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича таклиф этилаётган ўзгаришлар, хусусан, Ўзбекистонда сукук, яшил сукук ва ислом банкингини жорий этиш масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
“Капитал бозори тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш Агентлик фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, у ички бозорни турли воситаларга эга бўлган мутлақо янги бозорга айлантиришни таъминлаш, шу билан бирга инвесторлар ҳуқуқларини ишончли кафолатлаш ва ҳимоя қилишдан иборат.
Агентлик БМТТД ва ИТБдаги ҳамкорлар ҳамда халқаро маслаҳатчилар билан биргаликда ислом иштироки сертификатлари, лизинг, савдо ва агентликлар, шунингдек, ислом инвестиция фондларининг улушлари ва бўлинмаларини ўз ичига олган ислом қимматли қоғозлари бўйича алоҳида бобни ишлаб чиқди, – дея таъкидлаб ўтди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак.
Ушбу давра суҳбати ҳукумат ва давлат идораларининг асосий манфаатдор томонлари учун Ўзбекистонда исломий молия экотизимини қўллаб-қувватловчи ҳуқуқий муҳит ва тизимларни ривожлантириш бўйича муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилиш учун ноёб имконият яратди.