Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Ўзбекистонда бонд омборлари орқали электрон тижоратни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий эксперимент йўлга қўйилмоқда

13.04.2026
177

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (ПҚ-136-сон, 13.04.2026 йил) қабул қилинди.

Мазкур қарор электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш, замонавий логистика инфраструктурасига эга миллий электрон тижорат маконини шакллантириш, иқтисодиётда хуфиёна айланма улушини камайтириш ҳамда бозор иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

 

Асосий мақсадлар

Қарорга мувофиқ, 2026-2030 йилларда:

- электрон тижорат айланмасини 30 трлн. сўмга етказиш;

- 7,5 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;

- умумий қиймати 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш;

шунингдек, айрим турдаги товарларни импорт қилишда ягона божхона тўловини жорий этиш орқали ташқи савдо операцияларини тартибга солиш белгиланди.

 

Бонд омбори фаолиятини ташкил этиш

Қарор билан 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлга қадар ҳуқуқий эксперимент тариқасида бонд омбори фаолиятини ташкил этиш маъқулланди.

Бонд омбори – жисмоний шахсларнинг шахсий эҳтиёжлари учун мўлжалланган товарларни махсус электрон савдо платформалари орқали чакана сотиш учун уларни вақтинча сақлашга мўлжалланган янги турдаги эркин омбор ҳисобланади.

 

Бонд омборлари фаолияти тартиби

Эксперимент доирасида:

- бонд омбори эркин омбор фаолиятини лицензиялаш тартиби асосида ташкил этилади;

- товарларни сотиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан юритиладиган махсус электрон савдо платформалари реестрига киритилган платформалар орқали амалга оширилади;

- товарлар эркин омбор божхона режимига мувофиқ жойлаштирилади ва жисмоний шахсларга чакана сотишга рухсат берилади;

- товарлар жўнатмалар декларацияси асосида божхона расмийлаштирувидан ўтказилади;

- мувофиқликни баҳолаш, санитария, фитосанитария ва ветеринария назорати чоралари қўлланмайди, бунда ушбу талабларга мувофиқликни таъминлаш бўйича жавобгарлик бонд омборлари операторлари зиммасига юкланади;

- резидентлар томонидан товарлар жойлаштирилганда активларни репатриация қилиш талаби бажарилган деб ҳисобланади;

- республика ҳудудидан ички бозор учун бонд омборига товар жойлаштиришга йўл қўйилмайди (экспорт учун мўлжалланган ҳоллар бундан мустасно).

 

Дори воситаларининг онлайн савдоси

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 3 ой муддатда дорихона ва дорихоналар тармоқларида маркетплейс ва агрегаторлар орқали онлайн савдо юритиш юзасидан тегишли ўрганиш ўтказиш.

Бунда:

- ҳар бир дорихона онлайн-буюртмаларни тарқатиш пункти бўлиши;

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан курьерлик хизмати (махсус ҳароратни талаб қилувчи дориларни термоконтейнерда ташиш, дори ўрамини очишни тақиқлаш) учун аниқ талабларни ишлаб чиқиш назарда тутилади.