logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди

29.11.2022
1469

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларида – Агентлик) крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш, ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

   Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш тартиби тўғрисидаги Низом (тартиб рақами 3397, 2022 йил 28 ноябрь рўйхатдан ўтган) тасдиқланди:

   – асосий тушунчалар, атамалар ва таърифлар, шу жумладан крипто-активлар турлари бўйича тақсимлаш;

   – крипто-депозитарий фаолиятини амалга ошириш талаблари;

   – крипто-депозитарий мажбуриятлари ва мижозлар билан муносабатларни ўрнатиш тартиби;

   – крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатга олиш ва муомалага киритишга бўлган талаблар;

   – крипто-активларнинг электрон реестрини юритишга, шу жумладан крипто-активларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш талаблари.

   

   Низом, шунингдек, крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш учун асосий талабларни белгилайди, хусусан:

   крипто-депозитарий Ўзбекистон Республикаси резидентларига крипто-активларни чиқариш, рўйхатдан ўтказиш, муомалага киритиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиши;

   эмитентлар крипто-активларни крипто-депозитарий ёки бошқа электрон платформалар орқали чиқаришлари мумкинлиги;

   эмитент томонидан чиқарилган крипто-активларини муомалага киритиш ва улар билан савдолар ёпиқ ёки очиқ савдо орқали амалга оширилиши мумкинлиги;

   эмитент томонидан чиқариладиган крипто-активларнинг номинал қиймати миллий валютада ифодаланиши лозимлиги;

   крипто-активлар чиқаришни рўйхатдан ўтказиш фақат крипто-депозитарий томонидан амалга оширилиши;

   крипто-депозитарий крипто-активларни чиқариш ва чиқаришни рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш бўйича мустақил қарор қабул қилиши ва бошқ. белгиланган.

 

   Шу билан бирга, мазкур ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидагилар тақиқланган:

   резидентлар томонидан чиқариш ва крипто-депозитарий томонидан таъминланмаган (рухсат бериш токени, чипта токени, ваучер-токени ва бошқарув-токени бундан мустасно) ва барқарор токенларни чиқаришни рўйхатдан ўтказишни;

   ўз электрон платформасида чиқарилган ёки рўйхатдан ўтказилган крипто-активларнинг номланиши ёки рамзларида “давлат”, “давлат томонидан таъминланган”, “давлат томонидан қўллаб-қувватланган”, “Ўзбекистон”, “ўзбек”, “миллий”, “сўм (UZS)” ҳамда Ўзбекистон Республикаси шаҳарларининг номларини тўлиқ ёки қисқартирилган шаклда, уларнинг бирликларидан фойдаланган ҳолда, исталган тилда ва ҳар қандай шаклда ишлатиш ва бошқ.

 

   Мазкур ҳужжатнинг қабул қилинишидан асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектлари томонидан таъминланган токенларни чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш орқали ўз фаолиятига инвеститсияларни жалб қилиш ва ривожлантиришнинг янги механизмини яратишдан иборатдир.

 

   Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг эътиборини майнинг ва хизматлар провайдерлари фаолиятини ташкил этиш белгилан тартибда рухсат берувчи ҳужжат ва лицензия олингандан кейингина амалга оширилиши мумкинлигига қаратамиз.

   Шунингдек, Агентлик барча фуқаролардан қонун доирасида ҳаракат қилишни ҳамда тегишли лицензия ва (ёки) рухсат берувчи ҳужжатсиз крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ташкил этишга уринмасликни ҳамда белгиланган тартибда лицензияга эга бўлмаган хизматлар провайдерлари хизматлардан фойдаланмасликни сўрайди.