Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2025 йил 23 майда “Мамлакатимизда қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 191-сонли қарорни имзолади.
Таҳлиллар миллий суғурта бозорида қайта суғурта хизматларининг улуши ошаётганлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, 2024 йил якунлари бўйича қайта суғуртага ўтказилган суғурта мукофотларининг умумий миқдори 3,8 трлн. сўмни ташкил этди (2023 йилда ушбу кўрсаткич 2,2 трлн. сўмни ташкил этган).
Таъкидлаш жоизки, миллий суғурта компанияларининг ўз капиталининг етарли эмаслиги, йирик таваккалчиликларни ушлаб қолиш имконини бермаслиги сабабли, қайта суғурта мукофотларининг катта қисми чет элга қайта суғурталашга ўтказилган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, миллий қайта суғурта бозори ҳажмини янада ошириш, таваккалчиликларни мўътадил тақсимлаш, суғурта қилдирувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш ва қайта суғурта тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2025 йилда қайта суғурта тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий мақсадлари этиб, миллий қайта суғурта бозори ҳажмини 4 трлн. сўмга етказиш, қайта суғурта хизматлари экспортини камида 30 фоизга ошириш, қайта суғурта соҳасига жалб қилинадиган инвестициялар ҳажмини 150,0 млрд. сўмгача ошириш белгиланди.
Устав капитали миқдори 300 млрд. сўмдан кам бўлмаган Акциядорлик жамияти шаклидаги “O‘zbekiston qayta sug‘urta kompaniyasi” миллий қайта суғурта ташкилоти (Компания) ташкил этилмоқда.
Компания фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қайта суғуртани қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш, инвестицияларни ва инвестиция лойиҳалари бўйича таваккалчиликларнинг комплекс қайта суғурта ҳимоясини таъминлаш, хорижий суғурта ва қайта суғурта компаниялари билан ҳамкорликни ўрнатиш ҳисобланади.
Идоравий мансуб ташкилотлар