Янгиликлар
“Ўзбекинвест” АЖ суғурта компаниялари орасида биринчи бўлиб IPO жараёнини бошлади
Сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат активларини хусусийлаштириш орқали хусусий мулкчиликни кенгайтириш, самарасиз ишлаётган ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш юзасидан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Молия бозори мақсадли ва жадал ривожланиб, халқаро ва маҳаллий инвесторлар учун барча имкониятлар яратилмоқда. Капитални, жумладан ҳорижий капитални жалб қилиш воситаси сифатида фонд бозорининг ривожланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Капитал бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6207-сон Фармонига, шунингдек, Президент Ш.Мирзиёев томонидан тасдиқланган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ, “Ўзбекинвест” экспорт-импорт суғурта компанияси томонидан IPO жойлаштириш тақдимоти бўлиб ўтди.
“Ўзбекинвест” Ўзбекистондаги 38 та суғурта компаниялари орасида биринчи бўлиб IPOга чиқди ва “Тошкент” республика фонд биржасига устав капиталининг 5 фоизи (14,1 миллиард сўм) миқдоридаги акцияларини жойлаштирди.
“Бизнинг фикримизча, энг йирик суғурта компанияларидан бирининг IPOга чиқиши, бир томондан, суғурта бозори фаолиятида шаффофликни таъминлашга кучли туртки бўлса, иккинчи томондан, қимматли қоғозлар бозори фаоллигини янада оширади. IPOга чиқиш учун “Ўзбекинвест” компанияси ходимлари халқаро стандартларга риоя қилиш ва компаниянинг молиявий барқарорлигини халқаро рейтинг агентликлари томонидан тан олиниши бўйича катта ишларни амалга оширди. Бугун эса компания раҳбарияти ва унинг ходимларини ана шундай самарали ишларни муваффақиятли амалга ошираётгани билан табрикламоқчимиз”, — деди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак тақдимот маросимини очиб берар экан.
Маълумот учун: Бугунги кунда Ўзбекистонда 38 та суғурта компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш жараёнида 2023 йилнинг тўққиз ойида 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоиздан ортиқ ўсиш билан 5,9 триллион сўм йиғиш таъминланди. Унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 0,8 фоизни, суғурта ташкилотлари томонидан иқтисодиётга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 5,7 триллион сўмга етди. Суғурта бозори тарихида илк маротаба суғурта компаниялари томонидан тўланган товон пули 1 триллион сўмдан ошди.