logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

03.10.2023
4241

Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тўғрисида”ги

Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ҳамда 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларига мувофиқ, Майнинг фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Мазкур ҳужжат қўйидагиларни назарда тутади:

 

- асосий тушунчалар ва таърифлар;

- рухсат бериш талаблари ва шартлари;

- рухсатнома олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;

- рухсатнома бериш ёки рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

- рухсатномани қайта расмийлаштириш, унга ўзгартириш киритиш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳамда рухсатноманинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва бекор қилиш тартиби;

- Рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш

 

Низомда, шунингдек, майнинг фақат юридик шахс томонидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши, майнерлар истеъмол қилинган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасини ўрнатиб, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ягона электр энергетика тизимига уланиши мумкинлиги белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ, майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланган ҳолда электр энергиядан фойдаланилган тақдирда:

- истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар белгиланган тарифга нисбатан 2 баробар ўсувчи коэффициентга мувофиқ тўланади;

- тиғиз даврда истеъмол қилинган электр энергия учун тегишли тарифларга Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган устамалар қўлланилади.

 

Бундан ташқари, майнерларга майнинг жараёнида олинган крипто-активларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга крипто-биржаларда сотиш имконияти берилади.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

- яширин майнингни;

- аноним крипто-активлар майнингини;

- рўйхатга олинган пайтда кўрсатилган манзилга мос келмайдиган манзилда майнингни амалга ошириш;

- майнингни рухсатномасиз амалга ошириш тақиқланади.

 

Тадбиркорлик субъектлари диққатига: майнинг ва хизмат кўрсатувчи провайдерлар фаолиятини ташкил этиш рухсат берувчи ҳужжат ва белгиланган тартибда лицензия олинганидан кейингина мумкин бўлади.

 

Агентлик барча фуқаролардан қонун доирасида иш олиб боришни ҳамда тегишли лицензия ва (ёки) рухсат берувчи ҳужжатни олмасдан крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ташкил этишга уринишдан, шунингдек, лицензиясиз хизмат кўрсатувчи провайдерлар хизматларидан фойдаланмасликни сўрайди.