Янгиликлар
Марказий Осиёда тартибга солувчи органлар ўртасида ҳамкорлик бўйича олий даражадаги учрашув бўлиб ўтди
2022 йил 24-25-ноябрь кунлари “Остона халқаро молия маркази”да (Қозоғистон Республикаси) Марказий Осиё мамлакатлари тартибга солиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича юқори даражали учрашув бўлиб ўтди.
Жорий йилни 25 ноябрь куни (соат 09:00-10:00) бўлиб ўтган “6-сессия: “Ландшафтнинг ўзгаришлари: молиявий хизматлар соҳасидаги янги тенденциялар” доирасида Марказий Осиё суғурта бозорларини ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди, хусусан, иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатларида крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Марказий Осиё мамлакатлари тартибга солиш органлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича юқори даражали учрашув доирасида Агентлик номидан директорининг биринчи ўринбосари - Пак Вячеслав Юрьевич иштирок этди.
Ушбу сессия давомида Вячеслав Пак иштирокчиларни Агентлик фаолияти, Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари билан таништирди.
Ҳусусан, иштирокчиларга крипто-активлар айланмаси соҳасида инвесторлар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу соҳада фаолиятни амалга ошириш учун тегишли рухсатнома (лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат) олган шахсларнинг фаолиятини мониторинг ва назорат қилиш механизмлари ва усуллари тақдим этилди.
Шунингдек, директорнинг биринчи ўринбосари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга мисол тариқасида, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият олиб бориш учун учта крипто-дўкон ва битта крипто-биржага лицензиялар берилганини келтирди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси резидентлари томонидан крипто-активларни чиқариш, чиқаришни рўйхатдан ўтказиш ва муомалага киритиш билан боғлиқ жараёнларни тартибга солишнинг асосий талабларини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси қабул қилинишининг якуний босқичида ва ушбу ҳужжат токенлаштирилган активларни чиқариш орқали компания фаолиятига қўшимча инвестицияларни жалб қилиш имконини беради.