logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

2024 йил 1 августдан Мажбурий суғурта полислари ягона тизимида электрон расмийлаштириш имконияти яратилди

01.08.2024
1425

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан унинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизимида давлат органлари ва суғурта ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган ҳолда 4 та турдаги мажбурий суғурта қилиш шартномаларини, яъни:

1) иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини;

2) ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини;

3) хавфли ишлаб чиқариш объектида авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини;

4) объектларни давлат маблағлари ва ҳукумат кафолати остидаги кредитлар ҳисобига барпо этишда қурилиш таваккалчиликларини мажбурий суғурта қилиш шартномаларини тузиш, рўйхатга олиш ва суғурта полисларини расмийлаштириш бўйича техник имкониятлар тўлиқ яратилиб, 25 та суғурта ташкилотининг ахборот тизимлари орқали барча жараёнлар тест режимида муваффақиятли синовдан ўтказилди.

Шу муносабат билан, 2024 йилнинг 1 августидан бошлаб Ягона ахборот тизимнинг service.e-osgo.uz манзилидаги портали орқали мазкур мажбурий суғурта турлари бўйича суғурта шартномаларини расмийлаштириш, рўйхатдан ўтказиш ва суғурта полисларини расмийлаштириш муваффақятли ишга тушурилди.

Шу билан бирга, суғурта хизматларининг барча истеъмолчиларига 2024 йилнинг 1 сентябрдан бошлаб суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта (қайта суғурта) шартномалари фақатгина Ягона тизим орқали рўйхатдан ўтказилиши ва ушбу тизим орқали суғурта полислари электрон шаклда расмийлаштирилиши йўлга қўйилишини маълум қиламиз.

Таъкидлаш жоизки, ушбу чора-тадбирлар Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 1 мартдаги “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-108-сон қарорида кўрсатилган топшириқлар ижроси юзасидан амалга оширилмоқда.

Мазкур суғурта хизматларидан фойдаланиш учун барча юридик ва жисмоний шахслар электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда https://service.e-osgo.uz/auth/login манзили орқали кириши мумкин.