logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди

26.04.2024
2425

2024 йил 19 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти "Лотереяларни ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-68-сон Фармонни (кейинги ўринларда – Фармон) имзолади.

Фармонга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини лицензиялар асосида амалга ошириш тартиби жорий этилмоқда.

Фармон таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва лотереяларни ташкил этиш билан боғлиқ фаолиятни тартибга солиш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида илғор хорижий тажрибани чуқур ўрганиш асосида ишлаб чиқилди. Фармонни тайёрлаш жараёнида Сингапур, Венгрия, Жанубий Корея, Грузия ва бошқа бир қатор давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.

Таъкидлаш жоизки, Фармонда назарда тутилган чоралар, биринчи навбатда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қимор ўйинларига қарамликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, шунингдек, маблағларнинг мамлакатдан чиқиб кетишининг олдини олишга қаратилган. Хусусан, Фармонда назарда тутилган чора-тадбирлар миллий провайдерларнинг таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ташкил этиш ва улар фаолиятини мониторинг қилиш, ўйинларга ҳаддан ташқари қарам бўлган шахсларни ва айрим тоифадаги фуқароларни ўйинларда қатнашишдан ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини ташкил этиш механизмларини жорий этишни ўз ичига олади. 

Фармоннинг амалга оширилиши Интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, букмекерлик фаолияти ва лотереялар ташкил этиш билан боғлиқ фаолиятни ҳуқуқий тартибга солиш учун ишончли асос яратади, қонуний равишда ташкил этилган ўйинларда иштирок этаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва қимор ўйинларига қарамликка қарши курашнинг самарали механизмларини жорий этади, шунингдек, давлат бюджетига турли ижтимоий мақсадларга йўналтирилиши мумкин бўлган қўшимча даромад манбаларини таъминлайди.