Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тартибга солиш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан МАЪЛУМОТ

08.07.2025
88

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, “Лицензиялаш, рухсат этиш ва хабардор қилиш тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 19 апрелдаги ПФ-68-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 814-сон қарорларига мувофиқ, лотерялар ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни тартибга солиш борасида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ҳамда Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда рўйхатидан ўтказилган.

1. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом.

Мазкур низом билан қуйидаги фаолият турларининг лицензиялаш тартиби белгиланган:

– Интернет тармоғидаги ўйинларни ташкил этиш фаолияти;

– лотереяларни ташкил этиш фаолияти;

– букмекерлик фаолияти белгиланган.

Лицензия талаблари ва шартлари белгиланган, хусусан:

– мазкур фаолият турлари фақат Ўзбекистон Республикасининг резидентлари – юридик шахслар томонидан амалга оширилади;

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги серверларда жойлашган электрон платформа мавжудлиги;

– ариза берилган санада маблағ шаклида шакллантирилган тегишли миқдордаги устав капитали мавжудлиги;

– ютуқлар бўйича қарздорликни тўлаш, ставкаларни қайтариб бериш, солиқ мажбуриятлар ва бошқа қарздорликларни қоплаш мақсадида фаолият ташкилотчилари томонидан тегишли миқдорида маблағ шаклида резерв фондини захирага қўйилиши;

– фаолиятни амалга оширишда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишини молиялаштиришга қарши курашиш, шахсга доир маълумотларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда реклама соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши;

– фаолият ташкилотчилари ва мулкдорлари ишчанлик обрўсига доир талаблар;

– Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментидаги фақат битта домен номидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга оширилиши;

– Интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик гаровларида иштирок этиш учун маблағларни қабул қилиш, лотерея чипталарини сотиб олиш ва ютуқларни тўлаш фақат Ставкалар ва ўйинчиларнинг ягона давлат регистри орқали амалга оширилиши;

– ташкилотчилар томонидан ўз хизматларини кўрсатишлари жараёнида фойдаланаётган ўйинлар ускуналари, дастурий таъминот ҳамда бошқа қурилмалар тегишли мувофиқликни баҳолаш бўйича органларнинг ва синов лабораторияларнинг тегишли сертификатига эга бўлишлари лозимлиги ва бошқалар.

2. Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг тоифалари рўйхати.

Ҳужжат билан Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашиши тақиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ва чет эл фуқароларининг қуйидаги тоифалари рўйхати белгиланган:

1. суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки муомала лаёқати чекланган шахслар;

2. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатдан ўтган шахслар ва уларнинг оила аъзолари;

3. “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва (ёки) “Аёллар дафтари”га киритилган шахслар;

4. вояга етмаган шахслар;

5. прокуратура органлари, ички ишлар, Миллий гвардия ва божхона органлари ходимлари;

6. ҳарбий хизматчилар;

7. хизматни ўташ вақтида қўриқлаш бўлинмаларининг ҳарбий хизматчилари, ходимлари, ишчилари ва хизматчилари;

8. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ходимлари;

9. чет эл фуқаролари – хорижий давлатлар ваколатли органларининг Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали уларнинг фуқароларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган Интернет тармоғидаги таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотерея ва букмекерлик гаровларида қатнашишини тақиқлаш бўйича сўровлари асосида. 

3. Ставкалар ва ўйинчилар ягона давлат регистри тўғрисидаги низом

Низом билан Ставкалар ва ўйинчилар ягона давлат регистр (кейинги ўринда – Регистр)ини юритиш тартибини белгиланган.

Регистрнинг асосий вазифалари этиб:

– ўйинларни ташкил этишда молиявий операцияларни консолидациялашган ҳолда ҳисобга олиш ва назорат қилиш;

– ўйинларни ташкил этишда давлат назоратини амалга ошириш мақсадида зарур бўлган маълумотларни йиғиш (шакллантириш), сақлаш, тизимлаштириш ва тақдим этиш;

– ўйинларни ташкил этишда ўйинчилар ва инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

– ўйинларни ташкил этишда ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш, ўйин қарамлиги кўринишларининг профилактикаси ва уларни камайтиришга кўмаклашиш белгиланган.

Регистрнинг функциялари этиб:

– жисмоний ва юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

– ўйинчилар, ўйинлар ташкилотчилари ва ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ва сақлаш;

– барча транзакцияларни, шу жумладан маблағларни қабул қилиш, ютуқларни тўлаш, ставкалар, уларнинг натижалари ва қайтаришларнинг ҳисобини юритиш;

– ўйинлар бозорининг динамикаси ва ҳажмлари тўғрисида ҳисоботларни шакллантириш;

– ўйинчилар ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чораларни кўриш;

– масъулиятли ўйин тамойили механизмларини жорий этиш;

– Рўйхатга, чекловлар рўйхатига ва қарам шахслар рўйхатига киритилган шахсларни платформаларга киришининг олдини олиш ва чеклаш белгиланган.

 

4 ва 5. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Букмекерлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом.

Низомлар билан мамлакатимиз ҳудудида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ҳамда букмекерлик фаолиятини ташкил этиш, ўтказиш ва амалга ошириш тартиби белгиалнган.

Жумладан, ушбу ҳужжатларга мувофиқ, ташкилотчилар зиммасига:

– ўз фаолиятини қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширишлари;

– электрон платформаларнинг зарур даражада ишлашини ва киберхавфсизлигини таъминлашлари, шунингдек электрон платформаларни ҳимоя қилиш ва уларга рухсатсиз киришнинг олдини олиш чораларини кўришлари;

– ўз фаолиятларини амалга оширишлари учун Регистр билан интеграция қилишни таъминлашлари;

– ўйинчиларга улар мажбурий рақамли (масофадан) идентификациядан ўтганидан ҳамда қонунчиликка мувофиқ бошқа чоралар қўлланилганидан сўнг ўйинга киришига рухсат беришлари;

– қонунчиликда белгиланган реклама талабларига риоя этилишини таъминлашлари юклатилган.

Ташкилотчиларга:

– вояга етмаган шахсларга ўз хизматларини кўрсатишлари;

– таваккалчиликка асосланган ўйинларга қарам бўлган шахслар ҳамда чекловлар рўйхатларига киритилган шахслар билан муносабатлар ўрнатишлари;

– қонунчилик талабларига жавоб бермайдиган ўйин ускуналари, дастурий таъминот ёки бошқа қурилмалар орқали фаолиятларини ташкил этишлари, ўтказишлари ёки амалга оширишлари;

– лицензияда кўрсатилмаган домен номи орқали ўз хизматларини кўрсатишлари;

– ўйинчиларга кредит, бўлиб тўлаш ва (ёки) қарз маблағлари тақдим этиш орқали, шу жумладан учинчи шахсларнинг маблағларидан фойдаланган ҳолда кейинчалик тўлаш шарти билан битимларни тузиш ва (ёки) таклиф этишлари;

– депозитларни қабул қилиш, битимларни тузиш ва ютуқларни тўлашда нақд шаклдаги ва (ёки) бошқа шакллардаги пул маблағларидан фойдаланишлари ва бошқалар таъқиқланган.

Шунингдек, мазкур Низомлар билан, уйинлар ва гаровларга қўйиладиган тегишли талаблар, масъулиятли ўйин тамойилини амалга ошириш вазифалари ҳамда ташкилотчиларнинг электрон платформаларида жойлаштириладиган маълумотларга бўлган талаблар ҳам белгилаб ўтилган.

6. Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиларига ҳамда лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси резидентларига ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларга жарима қўллаш тартиби тўғрисидаги низом.

Низом билан Агентлик  томонидан Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинлар, лотереялар ва букмекерлик фаолияти ташкилотчиларига ҳамда лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси резидентларига ноқонуний хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахсларга нисбатан жарималар қўллаш тартиби белгиланган.

Жумладан, мазкур ҳужжат билан жарималарни қўллаш асослари ва тартиби ҳамда Агентлик томонидан ушбу масала юзасидан қабул қилинган қарорлари устидан шикоят қилиш тартиблари келтирилган.

Шунингдек, Низомнинг 1 ва 2-иловаларига мувофиқ қоидабузарликлар турлари (номлари) ва қўлланиладиган жарималар миқдорлари тасдиқланган.

Юқоридаги норматив-ҳужжатларни қабул қилиниши, аввалам бор, истеъмолчилар ва аҳолининг заиф қатламларини ҳимоя қилишга, хусусан вояга етмаганларни, ушбу турдаги ўйинларга қарам бўлган ҳамда чекловлар рўйхатларига киритилган шахсларни ушбу ўйинларга киришларига йўл қўймасликка, шунингдек, жиноятчилик даражасини пасайтиришга қаратилган.