logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

КРИПТО-БИРЖАДА КРИПТО-АКТИВЛАР САВДОЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

17.08.2022
395

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3150-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларида – Агентлик) крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш, ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган этиб белгиланган.

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3832-сон қарорига мувофиқ, қуйидагиларни назарда тутувчи Крипто-биржада крипто-активлар савдоларини амалга ошириш қоидалари тасдиқланди:

     – асосий тушунчалар, атамалар ва таърифлар;

     – мижозлар билан муносабатларни ўрнатиш тартиби;

     – крипто-активлар савдоларини ташкил этиш тартиби;

     – тўғридан-тўғри савдоларни амалга ошириш тартиби;

     – мижозлар билан воситачилик муносабатлари асосида битимлар тузиш тартиби;

     – крипто-биржада ҳисоб-китоб-клиринг операцияларини ўтказиш тартиби.

 

     Шу билан бирга, ушбу ҳужжат билан ўзаро ўзгармас токенлар (NFT) билан операцияларни амалга ошириш тартиби ҳам белгиланган.

     Маълумот учун: ўзаро ўзгармас токен – моддий ва (ёки) бошқа мулк билан таъминланмаган, мулкдорнинг рақамли шаклдаги ноёб контентга (матн, аудиовизуал, мусиқий, фотографик асарлар, шунингдек тасвирий санъат асарлари ва бошқалар) бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи крипто-активнинг алоҳида тури.

 

     Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ўзаро ўзгармас токенларни хорижий крипто-биржалар ва платформаларда бошқа турдаги крипто-активларга айирбошлаши мумкинлиги белгиланди.

     Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан ўзаро ўзгармас токенларни хорижий крипто-биржалар ва платформаларда айирбошланганлиги натижасида қабул қилинган крипто-активлар ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерларининг (кейинги ўринларида – хизматлар провайдерлари) электрон платформаларида сотилади.

     Бундан ташқари, юқоридаги қоидаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активларни миллий ва (ёки) хорижий валютага сотиш ва сотиб олиш ҳамда крипто-активларни бошқа крипто-активларга айирбошлаш бўйича операцияларини хизматлар провайдерларидан ташқарида амалга ошириш тақиқланади, бундан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳоллар мустасно.

     Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг эътиборини майнинг ва хизматлар провайдерлари фаолиятини ташкил этиш белгилан тартибда рухсат берувчи ҳужжат ва лицензия олингандан кейингина амалга оширилиши мумкинлигига қаратамиз.

     Шунингдек, Агентлик барча фуқаролардан қонун доирасида ҳаракат қилишни ҳамда тегишли лицензия ва (ёки) рухсат берувчи ҳужжатсиз крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни ташкил этишга уринмасликни ҳамда белгиланган тартибда лицензияга эга бўлмаган хизматлар провайдерлари хизматлардан фойдаланмасликни сўрайди.