Янгиликлар
КРИПТО-АКТИВЛАР АЙЛАНМАСИ СОҲАСИДАГИ ХИЗМАТЛАР ПРОВАЙДЕРЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТАРТИБИ БЕЛГИЛАНДИ
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттилмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
22 апрелдаги ПФ-121-сон “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги Фармони билан киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада фаолиятни лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бўйича ваколатли орган сифатида белгиланиб, Агентлик ўзи крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартибини белгиланиши кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
3 июлдаги ПҚ-3832-сон “Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ва крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорининг 7-бандига мувофиқ Агентликка Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизмат провайдерлар фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомни қабул қилинишини ва амалга киритилиши ҳақида топшириқ берилган.
Шу боис, Агентлик директорининг 2022 йил 14 июлдаги 32-сон буйруғи билан Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низоми (рўйхат рақами 3380-сон, 2022 йил 15 август) тасдиқланиб, у билан қуйидагилар:
– лицензия талаблари ва шартлари;
– лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
– аризани кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;
– лицензияни қайта расмийлаштириш тартиби;
– лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва лицензияни бекор қилиш тартиби;
– лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш тартиби ва бошқалар белгиланмоқда.
Қуйидагиларга эътиборни қаратиш лозимки, янгиланган лицензия талаблари ва шартларига мувофиқ:
– лицензиялар фақат Ўзбекистон Республикаси резидентлари юридик шахсларга берилади;
– крипто-биржалар устав жамғармасига (капитали), захирага қўйиладиган қисмига талаблар қисқартирилган;
– лицензия олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати камайтирилган.
Шу билан бирга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш соҳасида халқаро стандартларининг (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳнинг Тавсиялари) талабларига мувофиқ баъзи чекловлар белгиланган.
Хусусан, террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этган ёки иштирок этишда гумон қилинаётган ҳамда қатор жиноятларни содир этганлик учун судланганлиги олиб ташланмаган ёки ўталмаган шахслар томонидан лицензиатларни бошқаришга ва устав жамғармасида (капиталида) иштирок этишга йўл қўйлмайди.
Бундан ташқари, лицензиатларнининг устав жамғармасида (капиталида) оффшор ҳудудларда рўйхатдан ўтган компанияларнинг иштирок этиши тақиқланган.
Агентлик томонидан крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш ва тартибга солишни таъминлаш борасида ишлар давом эттирилмоқда.
Маълумот учун : +998 71 231-79-05