logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялаш тартиби такомиллаштирилмоқда

04.08.2023
1411

Сенатнинг қирқ учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тизимини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

“Давлат божи тўғрисида”ги ва “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга лицензияланадиган фаолиятнинг янги турлари ва кичик турлари (крипто-биржа, майнинг-пул, крипто-депозитарий ва крипто-дўкон) ҳамда рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжат асосида амалга ошириладиган майнинг фаолияти белгиланишини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонуннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, майнинг-пул, крипто-депозитарий, крипто-дўкон фаолиятларини амалга ошириш учун  рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш талаб этиладиган янги фаолият тури сифатида ҳам қўшилмоқда.

Шу билан бирга, майнингни рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатсиз амалга оширганлик ёки рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баробари миқдорида жарима қўлланилиши белгилаб қўйилмоқда.

Бундан ташқари, “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимча киритилиб, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олаётган юридик шахслар учун давлат божи жорий этилиб, унинг миқдори ва тўлов тартибини белгилаш ваколати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига берилмоқда.

Ўз навбатида, Сенат аъзолари томонидан Қонун муҳокамаси жараёнида киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар билан крипто-активлар айланмаси соҳасида фаолиятни, шу жумладан, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари асосида амалга ошириладиган фаолият турлари ва кичик турларини белгилашнинг тартибга солишдаги бўшлиқлар бартараф этилиши қайд этилди.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.