Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан "Капиталбанк" АТБ ва "KAPITAL SECURITIES" МЧЖ капитал бозори соҳасидаги "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими иштирокчилари сифатида рўйхатдан ўтказилди.
Лойиҳани амалга ошириш доирасида "Капиталбанк" АТБ хорижий валютада ифодаланган облигациялар эмитенти сифатида иштирок этади, "KAPITAL SECURITIES" МЧЖ мазкур облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш жараёнларида инвестиция воситачиси фаолиятини амалга оширади.
Махсус ҳуқуқий режим доирасида маҳаллий эмитентлар томонидан хорижий валютада ифодаланган облигацияларни чиқариш ва муомалага киритиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги “Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-254-сон Фармонида назарда тутилган янги молиявий инструмент ҳисобланади.