logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

“Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришнинг янги имкониятлари” мавзуида давра суҳбати

15.10.2024
852

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) томонидан “Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришнинг янги имкониятлари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, банклар, йирик эмитент корхоналар, нуфузли ташкилотлар вакиллари, шунингдек, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ҳамда капитал бозори соҳаси мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишни очар экан, Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак таъкидлаб ўтди: "Қимматли қоғозлар бозорини ва умуман капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишларга қарамай, мамлакатимизда инвестицияларга сезиларли ички талаб мавжуд бўлиб, бу талаб етарли даражада қондирилмаяпти. Бундай ҳолат бозорда инвесторлар ва эмитентларнинг турли гуруҳлари учун жозибадор бўлган воситалар ва маҳсулотларнинг этарли эмаслиги билан боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, Агентлик Ўзбекистон амалиётига турли мамлакатлар ва иқтисодиётларда ўз самарадорлигини исботлаган қўшимча капитал бозори воситаларини оддийгина жорий этишга интилаётгани йўқ, балки мамлакатимизда қимматли қоғозлар ва капитал бозорини институционал ривожлантиришга қаратилган изчил сиёсат олиб бормоқда".

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад хорижий валюта облигациялари ва хорижий эмитентларнинг молиявий воситаларининг маҳаллий фонд бозорига листинги каби воситаларни жорий этишнинг моҳияти, аҳамияти ва халқаро тажрибасини атрофлича тушунтириш бўлди. Муҳокама чоғида мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар, қонунчиликдаги камчиликлар ва инфратузилмавий талаблар кўриб чиқилди. Бундан ташқари, иштирокчилар янги воситаларни депозит маҳсулотлари каби муқобил “анъанавий” молиявий маҳсулотлар билан солиштириш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон капитал бозорини замонавий талаб ва тенденцияларга мувофиқ янада ривожлантириш, жаҳон бозорига интеграциялашувига қаратилган чора-тадбирларни кўриш, шубҳасиз, ижобий натижалар беради.

Фуқароларнинг нақд пул ва норасмий хорижий инвестициялар ҳажмини камайтириш асосий жиҳатлардан биридир. Бу расмий айланмада хўжалик маблағларининг улушини оширади, бу эса, ўз навбатида, бюджетга солиқ тушумларининг кўпайишига олиб келади. Бундан ташқари, бу ички капитал бозорида тегишли хизматларни ривожлантириш учун қўшимча рағбат бўлади.