Янгиликлар

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари ва Жаҳон банки делегациясининг ишчи учрашуви бўлиб ўтди.


Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги вакиллари ва Жаҳон банки делегацияси ўртасида савдо соҳасидаги ислоҳотлар ва Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — республиканинг сармоявий имкониятлари, жорий ташаббуслардаги мавжуд камчиликларни муҳокама қилиш ва Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг асосий иштирокчиси сифатида Ўзбекистонда ислоҳотларнинг салоҳиятли йўналишларини келишиб олишдан иборат бўлди.
Учрашувда божхона тартиб-таомилларини оптималлаштириш, тарифсиз тўсиқларни бартараф этиш, электрон тижоратни тартибга солиш самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Электрон тижорат орқали экспорт салоҳиятини ривожлантириш, товарларни сертификатлаштириш ва божхона расмийлаштируви тартибларини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Агентлик вакиллари электрон тижоратни глобал даражада тартибга солиш бўйича ягона ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидладилар.