logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Ўзбекистонда ислом молияси ва сукук/яшил сукук мавзусида тренинг

17.10.2024
115

Тошкентда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик), Ислом тараққиёт банки, БМТТД ҳамда Истанбул Хусусий секторни ривожлантириш халқаро маркази (ICPSD) ҳамкорлигида ташкил этилган Ўзбекистонда ислом молияси ва сукук/яшил сукук бўйича икки кунлик тренинг ўз ишини бошлади.

Ислом тараққиёт банки институти ва БМТТД Истанбул хусусий секторни ривожлантириш халқаро маркази экспертлари ва маслаҳатчилари тадбирда маъруза қиладилар. Тренингда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Марказий банк вакиллари иштирок этмоқда.

Ушбу тренингдан кўзланган асосий мақсад – ҳукумат вакиллари ва бошқа манфаатдор томонларнинг ислом молияси, унинг роли, аҳамияти ва молиявий барқарорликнинг асосий тамойиллари ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.

“Агентлик яшил сукукни муваффақиятли ишга тушириш ва ишлатиш учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Жумладан, яшил сукукнинг чиқарилиши ва муомаласини тартибга солиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш, илғор тажриба ва стандартларни ўрганиш ва қўллаш мақсадида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, маҳаллий ва халқаро сармоядорларнинг хабардорлиги ва ишончини ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, - дея таъкидлади ўз нутқида С. Худайбердиев, Агентликнинг Капитал бозорини ривожлантириш департаменти бошлиғи в. б.

Иштирокчиларга ислом молияси ва сукук/яшил сукук соҳасидаги асосий тушунчалар, илғор халқаро тажрибалар ва сўнгги ишланмалар, сукук ва яшил сукукнинг ўзига хос хусусиятлари, сукукнинг турлари, уларнинг асосий шартномалари, тузилмалари тақдим этилди, Ўзбекистонда сукук чиқариш бўйича меъёрий-ҳуқуқий базани яратиш истиқболлари, унинг халқаро тамойиллар ва стандартларга мувофиқлиги, ташқи экспертиза ва ҳисоботларнинг аҳамияти муҳокама қилинди.

Мазкур тадбир давомида олинган билимлар илғор халқаро тажрибага мувофиқ Ўзбекистонда ислом молиясини жорий этиш механизмларини ишлаб чиқишда қўлланилади.