Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) томонидан капитал бозори соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш мақсадида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар доирасида ушбу соҳадаги лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини тартибга солиш бўйича бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Хусусан, қуйидаги низомлар тасдиқланди:
фонд биржаси ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини лицензиялаш;
қимматли қоғозлар бозорида инвестиция воситачиси ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчи сифатида профессионал фаолиятни лицензиялаш;
қимматли қоғозлар бозорида инвестиция маслаҳатчиси фаолиятини бошлаш ёки тугатиш учун ваколатли органни хабардор қилиш тартиби.
Мазкур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сон “Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3150-сон “Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ва 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Қабул қилинган низомлар билан фонд биржалари, қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчилари, инвестиция воситачилари, инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари, шунингдек инвестиция маслаҳатчилари фаолиятида лицензиялаш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг ягона ва шаффоф механизмлари жорий этилмоқда.
Жумладан:
лицензиатларнинг устав капиталига, шу жумладан уни босқичма-босқич ошириб бориш тартибига, шунингдек лицензиатлар раҳбарияти ва мулкдорларининг ишчанлик обрўсига нисбатан кучайтирилган талаблар белгиланмоқда;
қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг раҳбарияти ва ходимларига қўйиладиган талаблар ўрнатилмоқда;
лицензиатлар фаолиятини жиноий фаолиятга алоқадор шахслар томонидан бошқарилиши ва уларнинг ноқонуний фаолиятда иштирок этишининг олдини олиш мақсадида устав капиталидаги улушларни бошқа шахсларга реализация қилиш ҳамда раҳбарият таркибини ўзгартиришни Агентлик билан келишиш тартиби жорий этилмоқда;
лицензия, шунингдек, хабардор қилиш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, уларнинг бузилишига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ва бошқа талаблар белгиланмоқда.
Таъкидлаш жоизки, лицензия олиш ёки фаолият тўғрисидаги тегишли тасдиқномаларни расмийлаштириш учун тақдим этилган ариза ва ҳужжатларни кўриб чиқишда Агентлик томонидан йиғим ундирилмайди.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши капитал бозори инфратузилмасини янада ривожлантириш, профессионал иштирокчилар фаолиятини самарали тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, инвесторлар ва бозор иштирокчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, бозорда шаффофликни таъминлаш ва инвестиция муҳитини янада яхшилашлашга қаратилган.