Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 885-сон қарори қабул қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 30 ноябрдаги «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳукуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳукуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги ПҚ-381-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги уринларда – Агентлик) электрон тижоратни тартибга солиш ва ривожлантириш соҳасида ваколатли орган этиб белгиланган.
Шу боис, электрон тижорат соҳасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, ушбу соҳада қулай шарт-шароитларни яратиш, соҳани ривожлантириш, жумладан, замонавий логистика инфратузилмасига эга миллий электрон тижорат маконини шакллантириш, бозор иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида жорий йилнинг 26 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида электрон тижорат соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 885-сон қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан, жумладан, соҳани тартибга солиш, ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларини улар томонидан кўрсатилаётган хизматлар ва фаолияти асосида таснифлаш ҳамда ушбу соҳада тўлиқ статистик маълумотларни тўплаш мақсадида миллий қонунчиликка мазкур соҳада янги тушунча ва атамалар киритилмоқда.
Шунингдек, қарор билан:
– электрон тижорат операторлари (электрон савдо платформаси, буюртмалар агрегатори ва рақамли стриминг хизмати операторлари) сифатида фақат юридик шахслар – Ўзбекистан Республикаси резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги;
– электрон шартнома ёки битимлар орқали ҳеч қандай мажбуриятлар олмайдиган, фойдаланувчиларга узининг ахборот ресурси ёки платформаси орқали товар (иш, хизмат) ҳамда рақамли маҳсулотлар ҳақида маълумот ёки ахборот бериш билан чекланадиган юридик шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркор электрон тижорат оператори ҳисобланмаслиги белгиланган.
Шу билан бирга, 2025 йил 1 июлдан бошлаб:
– электрон тижорат операторлари фаолиятини амалга ошириш учун хабардор қилиш тартиби жорий қилинмоқда, шунингдек, мазкур йўналишда тегишли талаб ва шартлар киритилиб, электрон тижорат субъектлари реестрини юритиш тартиби;
– электрон тижорат операторлари, электрон тижоратда сотувчи бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, электрон тижоратда сотувчи ёки буюртма асосида товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчи ёхуд йўловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини узи банд қилган шахслар (кейинги уринларда – ўзини ўзи банд қилган шахслар) электрон тижорат доирасида ҳисоб-китобларни фақат алоҳида банк ҳисобварақларидан фойдаланган ҳолда амалга оширишлари;
– ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг электрон тижорат доирасидаги фаолияти натижасида пул маблағлари тарзида олинган даромадлари ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг банк картаси бириктирилган алоҳида банк ҳисобварағида ҳисобга олиниши;
– ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига тушадиган маблағлар суммаси товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан олинган даромадларни аниқлашда ўзини ўзи банд қилган шахсни айланмадан олинадиган солиқни тўловчи сифатида тан олиш учун фойдаланилиши лозимлиги келтирилган.
Шуни таъкидлаш жоизки, ушбу қарор билан Агентлик томонидан халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ҳамда маҳаллий бозорни таҳлили қилиш натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида қуйидагилар белгиланмоқда:
а) буюртма асосида товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчи ёки йуловчиларни енгил автотранспорт воситаларида ташиш фаолиятини амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахсларга, истисно тариқасида:
– товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиси ёки электрон тижорат субъектининг ҳисобварағига маблағларни кейинчалик инкассация учун ҳисобдан чиқариш учун ўзини ўзи банд қилган шахснинг алоҳида банк ҳисобварағига маблағларни олдиндан жойлаштиришга;
– етказиб берилган товарлар (ишлар, хизматлар) учун тўлов сифатида нақд пул қабул қилишга, бунда алоҳида банк ҳисобварағидан товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчисига ўтказилган маблағларга тенг микдорда накд пулни инкассация қилмасдан ўз ихтиёрида қолдиришга рухсат бериш;
6) электрон савдо платформалари орқали товарларни экспорт қилишда юридик шахсларга, якка тартибдаги тадбиркорларга ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга электрон савдо платформалари, хусусан, хорижий электрон савдо платформалари орқали сотилган товарларни курьерлик ва почта жўнатмалари орқали хорижий давлатлардаги ўз харидорларига, шу жумладан, ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимида шартномаларни руйхатдан утказмасдан юборишга рухсат берилиши белгиланган.
Бунда электрон савдо платформалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ, қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ахборот тизимлари билан белгиланган тартибда интеграция қилиниши лозим.
Бундан ташқари, қарор билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек, мазкур соҳани тўлиқ ёки қисман тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши юзасидан топшириқлар бегиланган.