Янгиликлар
"E-com Business Fest" биринчи халқаро электрон тижорат бизнес-фестивали
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) ва Жаҳон банки кўмагида Ўзбекистон сотувчилар уюшмаси ва Электрон тижорат ассоциацияси томонидан тадбир бош ҳамкори – USAID нинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш лойиҳаси билан биргаликда ташкил этилган "E-com Business Fest" биринчи халқаро электрон тижорат бизнес-фестивали ўз ишини бошлади.
"E-com Business Fest" доирасида кўргазмалар, конференциялар ва панель муҳокамалари, электрон тижорат тадбиркорлари учун нетворкинг бўлиб ўтади.
Бизнес-фестиваль электрон тижорат тақдим этаётган долзарб муаммолар ва имкониятларни муҳокама қилиш учун етакчи соҳа мутахассислари, бизнес раҳбарлари ва давлат органлари вакилларини бирлаштирди.
“Давлатимиз раҳбари томонидан электрон тижоратни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, электрон тижорат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни янгилаш борасидаги ислоҳотлар ўз ижобий самараларини бермоқда. Биз миллий инфратузилмани ривожлантириш, электрон тижорат билан боғлиқ тартибларни соддалаштириш ва онлайн транзакциялар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратамиз”, – деди Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак тадбирнинг тантанали очилиш маросимидаги нутқида.
Бизнес-фестивал доирасида қатор долзарб мавзулар муҳокама қилинади: технологиядаги инновациялардан ўсиш стратегияларигача, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан логистика муаммоларигача. Иштирокчилар ҳукуматлар тартибга солиш орқали рақамли бозорларнинг ўсишини қандай қўллаб-қувватлаши мумкинлигини ва қандай амалиётлар хавфсиз ва шаффоф транзакцияларни таъминлашда соғлом рақобатни рағбатлантириши мумкинлигини кўриб чиқадилар.
Таълим, нетворкинг ва инновациялар учун ўзига хос платформа бўлмиш "E-com Business Fest" иштирокчиларга сўнгги тенденциялар билан танишиш, ўз малакаларини ошириш ва бизнес алоқаларини кенгайтириш, Марказий Осиё минтақасида электрон тижоратни ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконини беради.