logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Қимматли қоғозлар даромадлари (дивидендлар, фоизлар) тўловларини “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ ва (ёки) инвестиция воситачилари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилинди

30.06.2024
6007

Капитал бозорини янада ривожлантириш, унинг инфратузилмасини такомиллаштириш, инвесторларни капитал бозорига жалб этишни рағбатлантириш ва уларнинг маҳаллий фонд бозорига ишончини оширишҳамда қимматли қоғозлар бўйича даромадларни тўлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистонда кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги ПҚ-291-сон “Капитал бозорини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Қимматли қоғозлар даромадлари (дивидендлар, фоизлар) тўловларини “Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси” АЖ ва (ёки) инвестиция воситачилари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилди ва тасдиқланди (рўйхат рақами 3523-сон, 2024 йил 28 июнь) (кейинги ўринларда – Низом).

Низомга мувофиқ, Марказий депозитарийда эмитент ва қимматли қоғозлар эгаларига қимматли қоғозлар даромадларини тўлаш учун шахсий ҳисобварақлар очилади. Жисмоний шахслар ўз шахсий ҳисобларини Марказий депозитарий мобил иловаси ва (ёки) инвестиция воситачиси ёрдамида масофадан туриб бошқариши мумкин.

Марказий депозитарий ёки инвестиция воситачиси томонидан қимматли қоғозлар даромадлари келиб тушган кундан эътиборан икки иш куни ичида қимматли қоғозлар эгалари реестрига киритилган жисмоний шахсларнинг шахсий ҳисобварақларига уларга тегишли бўлган пул маблағлари ўтказилади.

Қоғозлар эгалари реестрига киритилган юридик шахсларга уларнинг қимматли қоғозлар даромадлари улар келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида қимматли қоғозлар эгаларининг реестрида кўрсатилган юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларига ўтказилади.

Жисмоний шахсларнинг шахсий ҳисобварақларига қимматли қоғозлар даромадлари ўтказилганидан сўнг жисмоний шахслар ушбу маблағларни Марказий депозитарийнинг ва (ёки) инвестиция воситачисининг мобил иловасидан фойдаланган ҳолда ўзларининг тижорат банкларида очилган банк ҳисобварақларига, шу жумладан банк карталарига ўтказишлари мумкин.

Мазкур ҳужжат ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, инвесторлар (акциядорлар) учун қимматли қоғозлар (дивидендлар, фоизлар) бўйича даромад олиш жараёнини сезиларли даражада соддалаштириш ва тезлаштириш, қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ҳисоблаш ва тўлаш жараёнини автоматлаштиришга қаратилган.

Мазкур Низомни ишлаб чиқиш жараёнида Корея, Миср, Португалия, Саудия Арабистони, Тайланд ва Қозоғистон тажрибаси ўрганилди.