logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Crypto Week Uzbekistan 2025 халқаро форуми —крипто-активлар айланмаси соҳасида Марказий Осиёдаги энг йирик тадбир

16.04.2025
183

Тошкентда крипто-активлар, блокчейн технологиялари ва молия секторидаги рақамли инновацияларга бағишланган Марказий Осиёдаги энг йирик тадбирлардан бирига айланган Crypto Week Uzbekistan 2025 халқаро форуми бошланди.

Форумдан кўзланган мақсад Ўзбекистоннинг крипто-индустрия ва финтех соҳасида етакчи минтақавий хаб мақомини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда билим, технологиялар ва илғор тажриба алмашиш учун самарали платформа яратишдан иборат.

Тадбирда 400 дан ортиқ делегатлар – халқаро компаниялар вакиллари, инвесторлар, регуляторлар, стартаплар ва таниқли трейдерлар иштирок этмоқда. Таклиф этилган маърузачилар орасида – Binance вакиллари, етакчи таҳлилчилар, регуляторлар ва блокчейн лойиҳаси асосчилари. Форум дастурига 20 дан ортиқ тематик сессиялар ва панель муҳокамалари, стартап танлови, B2B ва B2G учрашувлари, кўргазма майдони, тармоқ тадбирлари ва AfterParty киради.

Муҳокаманинг асосий мавзулари орасида крипто-активларни тартибга солиш, блокчейннинг ҳуқуқий ва технологик жиҳатлари, токенизация, рақамли иқтисодиётда трейдерларнинг роли, киберхавфсизлик ва молиявий технологияларда инновацияларни илгари суриш киради.

Форумда сўзга чиққан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг (Агентлик) крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Асқаржон Закиров Ўзбекистонда соҳани тартибга солишни такомиллаштириш бўйича фаол иш олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. Унинг айтишича, Агентлик тадбиркорлар билан мулоқот олиб боради, назорат ва ривожланиш ўртасидаги мувозанатга интилади:

"Биз жазоловчи тарзда ҳаракат қилмаймиз, балки тушунтириш ишларига эътибор қаратамиз. Бизнинг ёндашувларимиз халқаро стандартларга мос келади, жумладан, фойдаланувчини мажбурий идентификация қилиш, мижоз маълумотларини сақлаш ва барча хизмат кўрсатувчи провайдерларни лицензиялаш".

Закиров шунингдек, 2023 йилдан буён мамлакат миллий провайдерлар орқали ишлашни талаб қилаётганини, регулятор эса энг йирик крипто-биржалар, жумладан Binance ва CoinMarketCap 10 талигининг бошқа иштирокчилари билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабар берди:

"Биз корхоналарнинг муаммоларини эшитдик, баъзи қонунчилик нормаларини қайта кўриб чиқдик ва кўплаб тўсиқларни олиб ташладик. Бу бозорга янги ўйинчиларни жалб қилиш имконини берди", – деди у.

Форум Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги кўмагида PraeLegal Узбекистан, Heyemera ва Yoko Digital компаниялари томонидан ташкил этилди.