logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Агентлик делегацияси БМТТДнинг “Суғурта ва хатарларни молиялаштириш механизмини татбиқ этиш” мавзусидаги семинарида иштирок этмоқда

18.07.2024
1496

2024 йил 18-19 июль кунлари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги делегацияси Жакарта шаҳрида (Индонезия) “Суғурта ва хатарларни молиялаштириш механизмини татбиқ этиш” мавзусидаги семинарда иштирок этмоқда.

Тадбир БМТТД Ўзбекистондаги минтақавий ваколатхонаси томонидан 11 давлат – Бангладеш, Жазоир, Вьетнам, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Иордания, Непал, Покистон, Таиланд ва Ўзбекистоннинг тартибга солувчи органлари вакиллари учун ташкил этилди.

Семинар иштирокчиларига табиий офатларни бошқаришнинг уч босқичида (табиий офатдан олдин, пайтида ва ундан кейин) кўп томонлама мувофиқлаштириш воситаси сифатида кластер тизими ҳақида маълумотлар берилди.

Шу билан бирга, Индонезиянинг табиий офатларни бошқариш миллий агентлиги (Badan Nasional Penanggulan Bencana) фаолияти мисолида табиий офатлар хавфи индексини (хавф фалокатга айланганда дастлабки шартларни баҳолаш учун фойдаланиладиган тизим) жорий этиш бўйича тажрибаси тақдим этилди.

Семинар иқлим ва табиий офатлар билан боғлиқ хатарларни молиялаштиришнинг яхлит тизими ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолияти соҳасида тажриба ва инновацион моделлар алмашиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Семинар доирасида Агентлик ва Индонезия молиявий хизматлар бошқармаси (OJK) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, унда яшил ва ислом молиясининг турли жиҳатларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўзбекистонда ислом молияси тамойилларини жорий этиш бўйича амалга оширилган қадамларни ҳисобга олган ҳолда Индонезия тартибга солувчи органи вакиллари “суқуқ” ислом қимматли қоғозлари соҳасида ўқув семинарларини ўтказишда ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирдилар.