logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

“Bank of Georgia“ АЖ капитал бозори соҳасида Тартибга солиш қумдони доирасида давлат облигацияларини сотиб олиш бўйича биринчи операцияни амалга оширди

14.06.2024
1453

Жорий йил 13 июнь куни Ўзбекистон Республикасида капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимининг биринчи иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган “Грузия банки” АЖ (JSC Bank of Georgia) “Ўзбекистон республикаси валюта биржаси” АЖ савдо майдончаси орқали Ўзбекистон Республикаси давлат облигацияларини сотиб олиш бўйича  биринчи битимни амалга оширди. Бу билан, “Bank of Georgia” Ўзбекистонда биринчи бўлиб қимматли қоғозлар савдоларида тўғридан-тўғри “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси сифатида иштирок этган биржа аъзоси бўлди.

Ушбу тарихий воқеа Ўзбекистонга йирик халқаро молия институтлари ва портфель инвесторларини, жумладан йирик кастодиан банклар ва инвестиция воситачиларини жалб қилишга ёрдам бериши мумкин.

“Bank of Georgia”, шунингдек йирик глобал кастодиан банкларнинг Грузия ва Арманистон капитал бозоридаги суб-кастодиан банки ҳамда штаб-квартираси Люксембургда жойлашган халқаро қимматли қоғозлар марказий депозитарийси (ICSD) бўлмиш Clearstreamнинг  суб-кастодиан банки ҳисобланади. 

Шу билан бирга, “Bank of Georgia” Лондон фонд биржасида листингга киритилган (тикер: BGEO), жорий бозор капитализацияси 2 млрд. фунт стерлингдан юқори бўлган ва FTSE 250 Index аъзоси ҳисобланган “Bank of Georgia Group PLC” нинг шўба компанияси саналади.

“Bank of Georgia Group PLC” компаниясининг асосий акциядорларини Georgia Capital JSC, M&G Investment Management Ltd., BlackRock, JPMorgan Asset Management (UK) Ltd., The Vanguard Group, Inc. каби йирик халқаро ва глобал инвестиция фондлари ва инвестиция компаниялари ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, “Bank of Georgia” 2024 йил 26 февралда Ўзбекистон Республикасида капитал бозори соҳасида “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимининг биринчи иштирокчиси сифатида рўйхатдан ўтказилган эди.