logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Акциядорлик жамиятлари ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режасини жорий этиш тартиби тасдиқланди

08.10.2024
1425

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, мамлакатимизда фуқаролар фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириш ва қимматли қоғозлар бозорини жадал ривожлантириш барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш мақсадларидан бири сифатида белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 2 сентябрдаги “Капитал бозорини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-291-сон қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар доирасида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан акциядорлик жамиятлари ходимларининг акцияларга эгалик қилиш режасини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда – Низом) ишлаб чиқилди ва тасдиқланди (Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 8 октябрда 3559-сон билан рўйхатдан ўтказилди).

Низом ходимлар акцияларига эгалик қилиш режаси Employee stock ownership plan (ESOP) амалиётини амалга оширишга қаратилган бўлиб, АҚШ, Буюк Британия, Испания, Россия Федерацияси, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар тажрибалари асосида ишлаб чиқилган.

Низомда акциядорлик жамиятлари (кейинги ўринларда – АЖ) акцияларининг ходимлари томонидан сотиб олиниши ёки муайян акциялар пакетини опцион (опцион битими) шартларига кўра ўтказишнинг асосий шартлари белгиланади.

ESOP амалиётини амалга ошириш учун акциядорларнинг умумий йиғилиши Низом талабларини инобатга олган ҳолда ходимларнинг улушга эгалик қилиш режасини тасдиқлайди.

Маълумот учун: давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган АЖлар ходимлари учун эгалик қилиш режасини ишлаб чиқишлари ва қабул қилишлари шарт.

Низом ходимлар томонидан АЖ акцияларини эгалик қилиш учун иккиламчи бозорда ходимлар учун сотиб олинган акцияларни таклиф қилиш ҳамда акцияларни опцион битими асосида сотиб олиш, шу жумладан мукофот (рағбатлантириш) шартлари асосида таклиф қилиш тартибини белгилайди.

Низомда белгиланган қоидалар ходимлар ва АЖ ўртасидаги муносабатларга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда, яъни ходим-акциядор корхонанинг барқарор фаолият олиб бориши, унумдорлиги ва рентабеллигини оширишдан манфаатдор бўлади, ўз навбатида акциядорлик жамияти ҳам ривожланишга муҳим ҳисса қўшган ходим билан узоқ муддатли меҳнат муносабатларидан манфаатдор бўлади.

Мазкур Низомнинг жорий қилиниши фуқароларнинг турмуш даражаси ва уларнинг фаровонлигини ошириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.