Янгиликлар
Агентлик вакиллари “Chamber of Commerce in Uzbekistan” нинг ойлик йиғилишида иштирок этдилар
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (Агентлик) вакиллари “American Chamber of Commerce in Uzbekistan”нинг Ўзбекистондаги савдо ва инвестиция имкониятларига бағишланган “Капитал бозори панель муҳокамаси” («Capital Markets Panel Discussion») ойлик йиғилишида иштирок этди.
Тадбирда “Тошкент” РФБ раиси Георгий Паресишвили, “Avesta Investment Group” инвестиция компанияси ҳамкори Карен Срапионов, TBC Bank Group PLC катта маслаҳатчиси Отар Шарикадзе сўзга чиқдилар.
Тадбирнинг очилиш қисмида Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак қўйидагиларни таъкидлади:
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги беш йил давомида мамлакатимиз капитал бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиб, махкур соҳанинг инвестицияларни жалб этишдаги, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ҳамда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдаги ўрни эътироф этилмоқда.
Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда капитал бозори самарадорлиги ва рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бу ислоҳотлар меёрий-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, корпоратив бошқарув амалиётини такомиллаштириш, инвесторларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш ва бозор ликвидлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олди”.
Иштирокчилар Ўзбекистонда капитал бозорини тартибга солиш соҳасидаги ижобий ўзгаришлар, ечимни тақозо этаётган муаммолар, шунингдек, бу борадаги яқин режалар ва истиқболларни муҳокама қилдилар. Маърузачилар хорижий инвесторлар учун маҳаллий капитал бозорининг инвестицион жозибадорлигини ошириш, “Тартибга солиш қумдони” махсус ҳуқуқий режимининг ўзига хос жиҳатлари, инвесторлар ва эмитентларни рағбатлантириш тизимларидан фойдаланиш, шунингдек, соҳадаги инновацияларни, жумладан, молиявий технологияларни рағбатлантириш ҳақида сўз юритдилар.