Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик, ИЛМА) делегацияси Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) иштирокида Franklin Templeton компанияси томонидан ташкил этилган бир ҳафталик малака ошириш дастурида иштирок этмоқда. Дастур 2026 йил 6–12 июль кунлари Franklin Templeton компаниясининг Лондон шаҳридаги офисида ўтказилмоқда.
Делегация таркибидан Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари ўрин олган.
Дастур замонавий молия бозорларини ривожлантиришнинг асосий йўналишларига бағишланган. Унда иштирокчилар инвестиция фондлари, биржада савдо қилинувчи фондлар (ETF) ва индивидуал инвестиция ҳисобварақлари (SMA) каби глобал инвестиция воситаларининг ривожланиш босқичларини ўрганмоқда. Шунингдек, блокчейн технологияси, рақамли активлар ва токенизация, хусусий бозорлар, муқобил инвестициялар ҳамда кўчмас мулк соҳасидаги инвестиция стратегияларига бағишланган алоҳида сессиялар ташкил этилган.
Franklin Templeton экспертлари жаҳон молия тизими трансформацияси шароитида ривожланаётган бозорларга оид ёндашувлар, молия бозорларининг келажаги, ликвидлик трансформацияси ва токенизация қилинган молиявий инструментлар бўйича ўз қарашларини тақдим этдилар. Шунингдек, дастур доирасида комплаенс ва коммуникациялар бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтказилмоқда.

Таълим дастурини Franklin Templeton компаниясининг етакчи мутахассислари, жумладан, таълим ва тадқиқотлар йўналиши раҳбари Жулиана Борелло, шунингдек инвестиция стратегиялари, ривожланаётган ва хусусий бозорлар бўйича экспертлар олиб бормоқда.
Ташриф доирасида ИЛМА делегацияси Franklin Templeton компаниясининг Лондон офиси жамоаси билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш юзасидан ишчи учрашувлар ҳам ўтказмоқда.
Мазкур дастурда иштирок этиш ИЛМА мутахассисларига капитал бозорини ривожлантириш, рақамли активлар ҳамда молиявий инструментларни тартибга солиш соҳаларидаги илғор халқаро тажриба билан яқиндан танишиш имконини беради. Олинган билим ва кўникмалар Ўзбекистонда регулятор муҳитини янада такомиллаштириш ва капитал бозорини ривожлантиришга хизмат қилади.
Franklin Templeton ва UzNIF билан ҳамкорлик ИЛМАнинг халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия секторига энг яхши жаҳон амалиётини жорий этишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг муҳим қисми ҳисобланади.