Янгиликлар

Агентликнинг 2024 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг 2024 йилдаги фаолияти якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Журналистларни қизиқтирган саволларга агентлик директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак, Крипто-активлар айланмаси соҳасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Асқаржон Зокиров, Капитал бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Саибжан Худайбердиев, электрон тижоратни ривожлантириш ва тартибга солиш бошқармаси бошлиғи Камронбек Мухаммадиев ва суғурта бозори иштирокчилари фаолиятини лицензиялаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Хасанов жавоб бердилар.
Матбуот анжуманида Агентликнинг крипто-активлар айланмасини ривожлантириш ва тартибга солиш, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотереяларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти йўналишлари бўйича батафсил маълумот берилди.
Жумладан, 2024 йилда крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлардан 2,38 миллиард сўм миқдорида давлат божи ва 7,9 миллиард сўмлик фаолиятни амалга оширганлик учун йиғимлар олингани қайд этилди. 2019 йилдан бугунги кунгача крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи провайдерлардан мамлакатимиз бюджетига жами 56,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағ тушди.
Шунингдек, Ўзбекистон суғурта бозорининг асосий кўрсаткичлари эълон қилинди. Хусусан, 2024 йилда Ўзбекистонда 10 миллионга яқин суғурта шартномаси тузилган. Ўтган йил давомида йиғилган суғурта мукофотлари ҳажми 9,8 трлн. сўмни (2023 йилга нисбатан 21 фоизга кўп), амалга оширилган суғурта тўловлари миқдори 2,2 трлн. сўмни (ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 9 фоизга ўсиш), суғурталовчиларнинг умумий активлари 11,8 трлн. сўмни (2023 йилга нисбатан 24,9 фоизга кўп) ташкил этди.
2024 йилда Агентликнинг Суғурта бозорини ривожлантириш бошқармаси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 4648 та мурожаати кўриб чиқилиб, шундан 2193 таси қаноатлантирилган ва 34,6 миллиард сўм суғурта товонлари тўланган. Юқоридаги рақамлар нафақат статистика, балки қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган миллионлаб одамлар учун молиявий ҳимоядир.
Тадбирда журналистларга капитал бозори иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлар ҳақида сўзлаб берилди. 2024 йил давомида фуқаролар ва юридик шахслардан, асосан, миноритар акциядорлар фойдасига дивидендлар ундириш масаласига доир 703 та мурожаат келиб тушгани алоҳида таъкидланди. Мазкур мурожаатлар Агентлик томонидан кўриб чиқилиб, акциядорларнинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ундирилди.
Шунингдек, акциялар бўйича ҳисобланган дивидендларни ундириш юзасидан аризачилар манфаатларини кўзлаб хўжалик судларига 20 та даъво аризаси киритилди. Натижада акциядорлардан 3,6 миллиард сўмдан ортиқ дивидендлар ундириш бўйича суд қарорлари қабул қилинди.
Шунингдек, Агентлик томонидан республика ҳудудида илгари юридик шахс ёки ваколатхона ташкил этмасдан фаолият юритиб келган “Yandex”, “Ozon”, “Wildberries”, “Wolt” хорижий электрон савдо майдончалари (маркетплейслар) фаолиятини маҳаллийлаштириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Шундай қилиб, 2024 йил бошидан буён Ўзбекистонда 10 дан ортиқ йирик халқаро компаниялар ваколатхоналарини очди. Бунинг натижасида давлат бюджетига 160 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўловлари тўланиши таъминланди ва электрон тижорат соҳасида ўзини ўзи банд қилган шахслар сони 2023 йилга нисбатан 55 фоизга ошди.
Бундан ташқари, қонунчиликни такомиллаштириш, институционал ривожланиш ва тартибга солинадиган соҳаларда халқаро ҳамкорлик ҳақида маълумот берилди.
Агентлик юкланган вазифаларга мувофиқ, бозор иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлайдиган миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотереялар ва букмекерлик фаолиятини ривожлантириш ва тартибга солишни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.