logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

"Яшил" корпоратив облигациялар илк чиқарилуви рўйхатдан ўтказилди

12.09.2024
1340

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг 50 миллиард сўмлик облигациялар чиқарилуви рўйхатдан ўтказилди.

Ушбу облигациялар чиқарилуви 2024 йил июнь ойида "Қимматли қоғозлар эмиссияси қоидалари ва эмиссия қимматли қоғозлари чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш" (2024 йил 7 июндаги 2000-10-сон рўйхат рақами билан)га киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда Агентлик томонидан тасдиқланган "Яшил" иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар учун корпоратив облигацияларни жойлаштириш ва муомалада бўлиши бўйича услубий талаблар" асосида амалга оширилаётган "яшил" облигацияларнинг биринчи расмий чиқарилуви ҳисобланади.

“Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ облигациялари чиқарилуви доирасида жалб этилаётган маблағлар биноларни модернизация қилишни молиялаштиришга мўлжалланган. Ўзининг "яшил" мақсадларига эришиш учун компания тижорат банклари томонидан тақдим этилган "яшил" таъмирлаш кредитларини молиялаштириш ва/ёки қайта молиялаштиришга, шунингдек, банк мижозлари учун энергия тежайдиган қурилиш материалларидан фойдаланган ҳолда таъмирлаш ишларини олиб бориш имкониятларини яратишга эътибор қаратади.

Компаниянинг биринчи яшил корпоратив облигациялари Халқаро капитал бозори ассоциациясининг яшил облигациялар тамойилларига мувофиқлиги бўйича “AIFC Green Finance Center” томонидан ижобий ташқи баҳоланган бўлиб, ушбу чиқарилувнинг асос дастури бўйича яшил стандартларга мувофиқлик сертификати олинган.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги маҳаллий капитал бозорида янги молиявий инструментларни жорий этиш  ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган барқарор ва экологик аҳамиятга эга лойиҳаларни молиялаштиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил  ишларни давом эттиради.