Ёпиш
dark/lightmode
special-mode
NAPP

Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги -
крипто-активлар айланмаси, капитал бозори, суғурта, электрон тижорат, лотерея ташкил этиш ва букмекерлик фаолияти соҳаларини тартибга солиш, лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат ташкилоти.

Нима билан шуғулланамиз arrow-right

Янгиликлар

Тошкентда E-BRIDGE давра суҳбати ва E-GATE конференцияси бўлиб ўтди

27.05.2025
69

Пойтахтимизда Жаҳон банки томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда E-BRIDGE лойиҳаси доирасида “Марказий Осиёда электрон тижорат орқали минтақавий ҳамкорликни рағбатлантириш” мавзусидаги давра суҳбати ва “Марказий Осиёда электрон тижорат орқали глобАал фойдаланиш имкониятларини ошириш” E-GATE анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирларда давлат идоралари вакиллари, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардаги етакчи халқаро компаниялар, халқаро ташкилотлар экспертлари иштирок этди. Иштирокчилар орасидан DHL, Uzum, Jumia, Lenovo, Alibaba Group ва бошқа компаниялар щрин олди.

E-BRIDGE давра суҳбатида минтақавий интеграция бўйича халқаро тажриба, хусусан, давлат ва халқаро ташкилотлар, хусусий сектор фаолиятидан намуна сифатида фойдаланилди. Минтақавий ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган асосий йўналишлар айтиб ўтилди. Булар рақамли савдо йўлаклари, логистикадаги тўсиқларни камайтириш, трансчегаравий тўловлар ва рақамли савдо протоколларини уйғунлаштириш ҳамда умумий минтақавий бозорни шакллантиришдир.

“Бугунги давра суҳбати Жаҳон банки томонидан ҳамкорларимиз билан биргаликда электрон тижоратни шаффоф тартибга солишни ривожлантиришга, шунга мос равишда миллий бозорда товарларни илгари суришга хизмат қилмоқда.

Биз ушбу платформадан электрон тижоратни тартибга солиш, товарларнинг трансчегаравий ҳаракатини, солиққа тортиш масалаларини ва бошқа жиҳатларни тартибга солишда умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигига оид муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун фойдаландик.

Нима учун бу муҳим? Чунки бугун биз йирик бозорларнинг трансчегаравий фаолияти натижасида ташқи савдода муайян бузилишларни кўряпмиз.

Бизнинг тартибга солувчи ташкилот сифатидаги вазифамиз аниқ, шаффоф “ўйин қоидалари”ни шакллантириш ҳамда ички ва халқаро бозор иштирокчилари учун тенг рақобат шароитларини таъминлашдан иборат”, – деди Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак ўз нутқида.

Шу куни бўлиб ўтган E-GATE анжумани Марказий Осиё минтақасида электрон тижоратни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, унинг янги иқтисодий имкониятлари, иш ўринлари яратиш ва товарлар экспорти географиясини кенгайтириш борасидаги салоҳиятини муҳокама қилишга бағишланди.

Анжуманнинг асосий мавзулари орасида Марказий Осиё давлатларининг халқаро савдога интеграциялашувини рағбатлантиришда электрон тижорат салоҳияти, унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасида логистика ва финтехни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, рақамли иқтисодиётда ёшлар ва аёллар иштирокини рағбатлантириш стратегиялари ўрин олган.

Тадбир дастури Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан 20 дан ортиқ маърузачилар иштирокида сессиялар ва панель муҳокамаларини ўз ичига олган.

Конференция давомида Марказий Осиёнинг жаҳон савдосига интеграциялашувини кучайтириш бўйича электрон тижорат салоҳиятига оид тадқиқотлар тақдим этилди, онлайн экспортни кенгайтиришнинг муаммолари ва имкониятлари, логистика инфратузилмасини яратиш масалалари муҳокама қилинди, Марказий Осиёдан дунёнинг бошқа мамлакатларига экспорт қилиш тажрибаси тақдим этилди.

Анжуман электрон тижорат ва Марказий Осиёнинг барқарор иқтисодий ўсиши соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.