Янгиликлар
“Такафул” суғурта тизимига умумий нуқтаи назар ва уни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш бўйича тавсиялар” мавзусида давра суҳбати
Бугун Тошкентда Ўзбекистон Республикасида “Такафул” суғурта тизимини жорий этиш имкониятларининг таҳлилий тадқиқотини тақдим этишга бағишланган “Такафул суғуртаси тизимини таҳлил қилиш ва уни Ўзбекистон Республикасида жорий этиш бўйича тавсиялар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад суғурта бозорини тартибга солувчи орган, илмий доиралар ва соҳа вакиллари каби манфаатдор томонлар ўртасида мулоқотни ривожлантириш, Ўзбекистонда “Такафул” суғурта тизимини жорий этиш бўйича истиқболларни муҳокама қилиш ва таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
“Жорий йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, унга кўра Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигига такафул тамойиллари ва маҳсулотларини босқичма-босқич жорий этиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига таклифлар киритиш топширилган эди.
Мазкур топшириқни бажариш мақсадида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳамкорлар билан бирга, хусусан Бирлашган миллатлар ташкилотини ривожланиш дастури билан биргаликда, хуқуқий тартибга солишни, назорат қилишни ислом суғуртаси талабларига биноан олиб бориш юзасидан ўрганишлар олиб бормоқда, – деди ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директори ўринбосари Даврон Мақсудов.
Давра суҳбатида Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Ислом тараққиёт банки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари диний бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва бошқа ташкилот вакиллари, жами 40 га яқин мутахассислар иштирок этди.
Тадбирда БМТТД миллий маслаҳатчиси томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги мутахассиси билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўзбекистон Республикасида ислом суғурта тизимини қуриш тўғрисида”ги таҳлилий маъруза тақдим этилди. Ушбу маърузада “Такафул”нинг жаҳон суғурта бозоридаги ҳолати ва истиқболлари ҳамда уни Ўзбекистон суғурта бозорининг янги йўналиши сифатида жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилади.