logo
connect
Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги
FAQ

Янгиликлар

foto

Суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди

12.11.2024
1424

Суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги директорининг 2024 йил 12 сентябрдаги 9-сонли буйруғи билан тасдиқланди ва Адлия вазирлиги томонидан 2024 йил 11 ноябрда 3571-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур Низомнинг қабул қилиниши натижасида суғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатишда амал қилиниши лозим бўлган талаблар ва шартлар белгилаб берилди. Жумладан:

суғурта шартномалари Ягона тизим, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, суғурталовчи ёки суғурта агентининг дастурий таъминоти (ахборот тизимлари) орқали электрон шаклда тузилиши мумкин;

суғуртанинг барча турлари бўйича суғурта шартномалари Ягона тизим орқали рўйхатдан ўтказилади ва суғурта полислари ушбу тизим орқали мазкур Низомга мувофиқ расмийлаштирилади;

cуғурта хизматларини электрон шаклда кўрсатувчи суғурта агенти ўзининг дастурий таъминотида (ахборот тизимларида) суғурта қилдирувчилар учун суғурталовчини эркин танлаш имкониятини яратиши ҳамда суғурталовчиларнинг ваколатли давлат органи томонидан эълон қилинган рейтинг кўрсаткичларини акс эттириши шарт;

айрим мажбурий суғурта шартномаларини (иш берувчи, ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ва бошқалар) электрон шаклда расмийлаштириш Ягона тизимда суғурта қилдирувчининг шахсий кабинети орқали тўғридан-тўғри амалга оширилади;

суғурталовчилар тузган барча қайта суғурта шартномалари Ягона тизим орқали рўйхатдан ўтказилади;

барча суғурта полислари бир хил намунавий шаклда (қонунчиликда суғурта полисининг бошқа шакли тасдиқланган ҳоллар мустасно) Ягона тизимда расмийлаштирилади;

суғурта полиси Ягона тизим орқали фақатгина суғурта шартномаси рўйхатдан ўтказилганидан ва суғурта мукофоти тўланганлиги суғурталовчи томонидан электрон тарзда тасдиқланганидан сўнг автоматик тарзда расмийлаштирилади;

суғурта полисининг ҳақиқийлиги суғурта полисининг махсус коди (QR-код) орқали текширилиши мумкин;

барча суғурта даъволари Ягона тизимда рўйхатдан ўтказилади;

Ягона тизимдан фойдаланиш талаблари ва шартлари бузилганда, суғурталовчиларнинг Ягона тизимдан фойдаланиши тўлиқ ёки қисман тўхтатилади.

Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.